Психиатрия

Психиатрия [психо… ва юн. iatreia – даволаш] – клиник тиббиёт соҳаси. Психик касалликларнинг келиб чиқиш сабаблари, белгилари ва ривожланиш механизмларини ўрганади, уларнинг олдини олиш, даволаш ва беморларга тиббий ёрдам кўрсатишни ташкил этиш усулларини ишлаб чиқади.

Психик касалликларни дастлаб юнон врачлари ўргана бошлаганлар. Гиппократ психик касалликлар ҳам бошқа касалликлар каби ташқи муҳитнинг организмга салбий таъсири натижасида пайдо бўлишини биринчи бор айтган. Абу Али Ибн Сино ҳам асаб ва руҳий касалликларни даволаш ишига кўпгина янгиликлар киритган. У психик касалликлар ҳақидаги хурофий тушунчаларни (масалан, бу касалликларни жинлар келтириб чиқаради деган фикрни) рад этиб, асаб ва руҳий касалликлар ҳам бошқа касалликлар каби ташқи муҳитнинг одам организмига салбий таъсиридан ва ортанизмнинг ўзида рўй берадиган ўзгаришлардан пайдо бўлади деб билган.

Психиатрия тиббий фан сифатида 18-а. охири – 1а. бошларида шаклланди. Шу пайтдан бошлаб врачлар психик касалликларга қарши дорилар қўллашга, шу касалликнинг табиий сабабларини ўрганишга кириша бошладилар. Психик касалликларнинг кўпгина тури (жумладан, авваллари тузатиб бўлмайдиган тури) муваффақиятли даволанмоқда. Илгарилари ногиронликка чиқариб юбориладиган ўткир психоз билан касалланган беморларни тузатиб юбориш усуллари ишлаб чиқилди. Психиатрия касахоналарининг йўналиши ўзгарди. Психиатрия илмининг кенг ривожланиши психиатрия имкониятлари кўламини оширди. Замонавий психиатрия ўткир психоз касаллигига учраган беморларнигина эмас, балки псхопатия, неврозларт, алкоголизмни, кайфият ўзгарувчанлиги (эмоционал қўзғалувчанлик) ва уйқусизликни ҳам даволайди.

Психиатриянинг текшириш усуллари ўзига хос бўлиб, бошқа тиббий фанлардан бирмунча фарқ қилади. Психиатрия тиббиёт фанлари ичида энг кейин ривожланган фанлар қаторига киради. Ҳоз. даврда унинг моҳияти жуда ҳам кенг, чунки руҳий беморлардан ташқари ҳар қандай соматик касалликлар ҳам руҳий фаолиятнинг маълум даражада бузилиши билан ўтади ва шу боис психиатрия асосларини ҳар бир соҳадаги врач билиши зарур.

Психиатрия умумий психопатология ва хусусий психиатрияга бўлинади. Умумий психопатология руҳий хасталикларнинг умумий аломатлари, уларнинг кечиши ва ҳ. к. ни ўрганади. Хусусий психиатрия эса руҳий хасталикларнинг алоҳида турларини кўриб чиқади, қиёсий диагностикаси ва даволаш масалаларини ўрганади.

Бундан ташқари, кейинги вақтда П. дан янги тармоқлар: болалар, ўсмирлар, суд, ижтимоий, наркология ажралиб чиқди. Психиатрияда физиология, психология, генетика ва бошқа(лар) фанларнинг эришган ютуқлари кенг қўлланилади.

Руҳий беморларни даволаш имкониятлари кундан-кунга кенгайиб бормоқда. Масалан, 20-а. нинг 50-й. ларидан бошлаб руҳий ўзгаришларни даволашда марказий нерв тизимида содир бўладиган жараёнларга бевосита таъсир этадиган психофармакологик воситалар қўлланмоқда.

Ҳоз. замон П. си фақат клиник фан бўлиб қолмай, балки ижтимоий ва психология масалаларини ҳал қилишда ҳам иштирок этади.

Ўзбекистонда Тошкент тиббиёт академияси, Врачлар малакасини ошириш ин-ти, Педиатрия тиббиёт ин-ти, Андижон, Самарқанд тиббиёт ин-тларида П. кафедралари бор. Ўзбек олимларидан X. Олимов, Ш. А. Миртолибов Т. И. Исмоилов, А. У. Шоюсупова, Р. С. Турснова, М. Халилов ва бошқа(лар) П. нинг ривожланишига катта ҳисса қўшганлар.

[addtoany]