Психология

Психология [психо… ва …логия] – инсон фаолияти ва ҳайвонлар хатти-ҳаракати жараёнида воқеликнинг психик акс этиши, руҳий жараёнлар, ҳолатлар, ҳодисалар, хислатлар тўғрисидаги фан. Психологиянинг тадқиқот предметига сезгилар ва идрок образлари, тафаккур ва ҳиссиёт, фаолият ва муомала каби психологик жараёнлар, категориялар киради. Психологиянинг асосий вазифалари – психика қонуниятларини, инсон руҳий ҳолатлари шаклланишини филогенетик ва онтогенетик тараққиёт бирлигида очишдан иборатдир. Мазкур вазифалар ечимини топишда психология бир томондан, биология фани соҳалари билан, жумладан, физиология билан, бошқа томондан эса, социология, педагогика, маданият тарихи, мантиқ ҳамда ижтимоий фанлар билан жипс алоқага киришади. Психология энг аввало, психиканинг инсонга хос шакли бўлмиш онг ва ўзини ўзи англашни тадқиқ этади.

Антик даврдан бошлаб психологик билимлар фалсафа ва тиббиёт фанлари негизида ривожланиб келган. Юнон шифокорлари Гиппократ, Эрасистрат психиканинг аъзоси мия эканлигини билганлар ва инсон жонини Коинотнинг ашёвий бўлаги сифатида {Демократнинг моддиюнчилиги асосида) талқин қилганлар. Уларнинг ғоялари Платоннинг жон абадийлик тўғрисидаги таълимотига қарама-қарши қўйилган. Аристотель «Жон тўғрисида»ги асарида психологик тушунчалар тизимини ишлаб чиқди.

Ўрта асрларда психикага нисбатан ҳар хил кўринишдаги ғайритабиий қарашлар ҳукмронлик қилди. Шу туфайли психологик билимлар ривожланмай қолди. Аммо баъзи файласуфлар ва шифокорлар (Ибн Сино ва бошқа(лар)) асарларида бу соҳада олға қадам қўйилди. Инсон хусусиятлари тўғрисидаги маълумотлар қад. қўлёзмалар, ёдгорликларда ўз аксини топа бошлади. Турли мамлакатларда ва шаҳарларда тузилган акадмияларда (Хоразм, Самарқанд, Киев, Москва ва бошқа(лар) шаҳарларда) психология юзасидан тингловчиларга сабоқ берилган.

Европа Уйғониш даврида Леонардо да Винчи, X. Вивес кабилар психология ривожига ўз ҳиссаларини қўшдилар. 18-а. га келиб М. В. Ломонсов, A. Н. Радишчев, Г. С. Сковорода, Т. Гоббс, Б. Спиноза, Г. Лейбниц. Ж. Локк, К. А. Гельвций, П.А. Гольбах, Д. Дидро психологияда бир талай кашфиёт қилдилар, уни амалий маълумотлар билан бойитдилар. Психология 19-а. нинг 2-ярмига келиб мустақил фан сифатида ажралиб чиқди. Немис олими В. Вундт Лейпцигда 1879 й. дастлабки экспериментал лаб. ни жиҳозлашга эришди.

Психология тараққиётида умуман 19-а. даги экспериментлар алоҳида аҳамият касб этди. Бу даврда психологик реал вокеликни ўрганиш учун металлар мажмуаси қўллана бошланди: кузатиш, лаб. эксперименти, табиий эксперимент, фаолият натижасини таҳлил қилиш, руҳий жараёнларни моделлаштириш генетик методи, тест, эксперт баҳолаш, интервью, анкета, сўровнома, таржимаи ҳол ва ҳ. к. 19-а. охири -20-а. бошларида қатор психологик илмий мактаблар, йўналишлар вужудга келди: бихевиоризм, гештальтпсихология, персонлизм, фрейдизм ва ҳ. к. Психологиянинг ривожига И. М. Сеченов (психиканинг рефлектор табиати), И.П. Павлов (олий нерв фаолияти) таълимотлри муҳим ҳисса бўлиб қўшилди. Россияда В. М. Бехтерев экспериментал лаб. (Қозон, 1885), Харьков ун-ти ва Н. Н. Лангенинг Одессадаги лаб., Г. Челпановнинг Киевдаги, С. Корсаконинг Москвадаги, кейинчалик В. М. Бехтерев, А. Лазурский, А. Нечаевларнинг Петербурдаги, В. Чижнинг Юрьев (Тарту, Эстония) даги экспериментал лаб. лари психология тараққиётига алоҳида таъсир ўтказди. 1912 й. Москва устида Психология ин-ти очилди. Шу йилда И. А. Сикорский томонидан Киевда жаҳонда биринчи марта Болалар психологияси ин-ти ташкил қилинди. 20-а. нинг 1-ярмида Россияда К. Н. Корнилов, П.П.Блонский ва бошқа(лар) диалектикага асосланган илмий психологияни яратишга киришдилар.

Ҳоз. замон психологияси кўп тармоқли психологик билимлар тизимидан иборат фан ҳисобланиб, ўзининг тадқиқот предметига эга бўлган кўплаб соҳалардан ташкил топган: умумий, авиация, ҳарбий, дифференциал психология, психофизиология, муҳандислик психологияси, космик психология, ҳуқуқ, тиббиёт, нейропсихология, патопсихология, педагогик психология, меҳнат, спорт, махсус, ижодиёт, менежмент, маркетинг, ижтимоий психология, ёш психологияси, ташкилий, дин, оила, тарих, генетик, амалий, экспериментал, касб, психолингвистика, сиёсий психология ва бошқалар. Психологиянинг тармоқларга ажралишининг асосий сабаби унинг таркибида татбиқий соҳалар вужудга келишидир. Психология саноатда, жамият бошқарувида, таълим тизимида, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт, транспорт, радио, телевидение ва бошқа(лар) тзилмаларда муҳим масалаларни ҳал қилишда фаол иштирок қилмоқда. Психология эришган ютуқлари шахс имкониятларини рўёбга чиқариш ва уларни ҳаракатга келтиришда алоҳида аҳамият касб қилмоқда ҳамда шу аснода меҳнат самарадорлигини оширишга таъсир ўтказмоқда. Замонавий психологияда электрон-ҳисоблаш техникаси, электр ва кимёвий воситалар ёрдами билан психкани чуқур ўрганиш кабилар қўлланилмоқда. Психологияда ўзини ўзи кузатиш (интроспекция) усули атрофида кескин баҳслар давом этмоқда. Баъзи йўналишдаги психологлар уни тадқиқот ўтказишнинг асосий усули деб таъкидласалар, бошқалари эса унинг чекланганлигини эътироф қиладилар, бунинг ўрнига объектив усуллардан фойдаланишни тавсия этадилар. Объектив усуллар туфайли психиканинг моддий негизи аниқланган, инсон ички муносабатлари билан субъектив ҳолатлар сабабий боғлиқлиги якка шахсда, жамоада намоён бўлиши далилланган. Жаҳон ҳамжамиятида АҚШ, Англия, Франция, Германия, Россия, Швейцария мамлакатларида илмий текшириш институтлари ва марказларида, ун-тларда психологик изланишлар кенг кўламда олиб борилмоқда.

Ўзбекистонда психология 1928 й. дан эътиборан ҳоз. Миллий ун-тда фан сифатида ўқитила бошланди. 1929 й. Халқ маорифи комиссарлиги қошида психология лабораторияси очилди. Кейинчалик педагогика ин-тларида психологиянинг бир неча соҳалари бўйича талабаларга билим берила бошланди. 20-а. нинг 2-ярмида М. Воҳидов, М. Давлетшин сингари маҳаллий кадрлар етишиб чиқди. Ҳоз. даврда психология фанлари докторлари В. Токарева, Э. Ғозиев, Б. Қодиров, Ғ. Шоумаров, Р. Гайнутдинов, В. Каримова, Ш. Баротов, А. Жабборов, Р. Суннатовалар психологиянинг умумий, педагогик ва ёш психологияси, ижтимоий психология соҳалари бўйича тадқиқот ишларини амалга ошимоқдалар. Психолог мутахассислар тайёрлаш ва тадқиқот ишлари ЎзМУ, СамДУ, Фарғона ун-ти, Қарши ун-ти, Термиз ун-ти базаларида йўлга қўйилган. Республикамизда психологик хизмат жорий қилинган ва унинг тармоғи тобора кенгайиб бормоқда.

Загрузка...