Псориаз

Псориаз [юн. psoriasis – қичима], қипили темиратки – юқмайдиган сурункали тери касаллиги. Моддалар алмашинуви (хусусан, ёғ ва карбонсув алмашинуви), нерв ва эндокрин тизим фаолиятининг бузилиши, тонзиллит, гайморит, холецистит, аднексит ва бошқа(лар) оқибатида келиб чиқиши, «суяк суриши» мумкин. Кўпинча, бошнинг сочли қисми, тизза, тирсак ва қўл-оёқ юзасида пайдо бўлади. Дастлаб терида майда, пушти ёки қизғиш тугунчалар ҳосил бўлиб, уларнинг усти кипикланувчи оқиш, кумуш ранг пўстлоқ билан қопланади. Тугунчалар аста-секин катталашиб, бир-бирига қўшилиб кетади. Касаллик зўрайганда псориаз тошмалари баданни бутунлай эгаллаб олади (псориатик эритродермия); бунда бемор ўзини ёмон ҳис қилади, иситмалайди, лимфа тугунлри катталашади.

Псориазнинг баъзи турида тирноқ, бўғимлар ҳам зарарланиб, шакли ўзгаради, ҳаракат қилганда қаттиқ оғрийди, тирноқ юзаси калинлашиб, хира тортади (қушлар тирноғига ўхшаб қолади). Касаллик, одатда, куз ва қиш ойларида қўзғаб, ёзда бироз енгиллашади (ремиссия). Асабий-руҳий шикастлар, спиртли ичимликлар ичиш, қувватсизланиш, парҳез бузилиши натижасида псориаз тошмалари қайтадан пайдо бўлади. Тери касаллигига хос белгилар кўзга ташланганда, албатта, шифокорга учрашиш ва унинг кўрсатмаси бўйича даволаниш лозим. Махсус даво тадбирларидан ташқари, сут-ўсимлик маҳсулотларидан тайёрланган парҳез таомлар, хусусан, тўла беморларга творог, ўсимлик мойи, витаминга (А, В, С) бой овқатлар тавсия этилади. Псориазнинг хили ва кечиш даврларига қараб шифокор буюрганда иқлим билан даволаниш яхши наф беради.

[addtoany]