Пульмонология [лот. pulmonis – ўпка ва логия – фан] – клиник тиббиётнинг бир бўлими; ўпка, бронхлар ва плевра касалликларини ўрганади. Уларни аниқлаш, даволаш ва олдини олиш усулларини ишлаб чиқади. Пульмонология нисбатан янги соҳа бўлганлиги учун 70-й. лар охирлридан бошлаб уни мукаммал ўрганишга киришилди. Илгари Ўзбекистонда «пахта якка ҳокимлиги» натижасида юзага келган экологик ўзгаришлар ва кўп миқдорда ишлатилган пестицидлар таъсирида ўпканинг сурункали носпецифик касаллиги, айниқса, қишлоқ жойларида кўпайиб кетган эди, шуларни ҳисобга олиб Тошкентда 1978 й. Тошкент врачлар малакасини ошириш ит-ти қошида клиник пульмонология кафедраси ташкил этилди ва Ўзбекистонда пульмоноглар илмий мактаби ва пульмонология хизмати яратилди. Ҳоз. Ўзбекистоннинг шаҳарлари ва вилоятларида пульмонология бўлимлари ташкил қилинган.
1989 й. дан Сил илмий текшириш инситути Фтизиатрия ва Пульмонология илмий текшириш институтига айлантирилди ва у Ўзбекистонда шу соҳадаги йирик илмий марказ бўлиб қолди. 1990 й. да Фтизиатрия ва пульмонология илмий текшириш институти қошида Республика пульмонология маркази ташкил қилинди. Бу марказ пульмонология соҳасидаги илмий текшириш ва амалий ишларни координация қилиб боради. Ўзбекистонда Марказий Осиёда биринчи бўлиб носпецифик ўпка касалликлари (бронхиал астма, сурункали бронхит)нинг эпидемиологияси, функционал диагностикаси, фармакотерапяси, иммунологик ва клиник аллергологияси, унинг генетик механизмлари, биоритмолгик ташкилий тизими ва патогенетик терапия ҳамда меҳнат қобилиятини тиклашнинг илмий асослари ишлаб чиқилди. Пульмонологияда турли тадқиқот усуллари: рентгенологик (томография, брохография), эндоскопик (трахеобронхоскопия), функционал диагностика усуллари ва ҳ. к. қўлланади. Ҳоз. Ўзбекистондаги мавжуд тиббиёт ин-тлари, врачлар малакасини ошириш ин-тда пульмонология кафедралари, шунингдек, клиник шифохоналар таркибида пульмонология бўлимлари фаолият кўрсатмоқда. Ўзбекистонда пульмонологиянинг ривожланишида A. М. Убайдуллаев, Д. X. Маҳмудова, Ш. У. Исмоилов, М. А. Якимова, Б. С. Арипов ва бошқа(лар) олимларнинг хизматлари катта.
[addtoany]