Пульпит

Пульпит – тиш бўшлиғини тўлдириб турадиган ғовак бириктирувчи тўқима – пулпанинг яллиғланиши. Пульпага тиш чириши натижасида микроб кириши, шунингдек, тишни қон билан таъминлайдиган қон томирларнинг жароҳатланиши, тиш синиб, пульпанинг очилиб қолиши туфайли ҳам яллиғланиш рўй беради. Турли кимёвий моддалар таъсирида (ҳар хил кислоталар ишлатиладиган корхоналарда ишлайдиган кишиларда) ҳам пульпит пайдо бўлиши мумкин. Касаллик, кўпинча, тўсатдан бошланади. Тиш қаттиқ оғрийди (овқат чайнаш, иссиқ ёки совуқ таъсирига боғлик бўлмаган ҳолда), оғриқ бошқа тишлар, энса, қулоқ, чаккага ҳам тарқалади. Оғриққа пульпа яллиғланганда тишнинг қаттиқ тўқималари ичидаги юмшоқ тўқималар шишиб, пульпадаги нервларни эзиб кўйиши сабаб бўлади. Пульпит натижасида пульпа ўлади, оғриқ камаяди, лекин тиш ўз вақтида даволанмаса, вақт ўтиши билан ўлган пульпадаги микроблар тиш канали орқали тиш атрофидаги тўқималарга ўтади, натижада тиш илдизи учидаги тўқималар яллиғланиб, периодонтит келиб чиқади.

Пульпитни врач-стоматолог даволайди. Пульпитнинг олдини олиш чириган тишларни ўз вақтида дволатишдан иборат, йилда 2 марта врач-стомтологга кўриниб туриш мақсадга мувофиқдир.

[addtoany]