Қарилик

Қарилик, кексалик [кариш] – организм ҳаётининг ёшга боғлик муайян бир даври, муқаррар равишда юз берадиган жараён. Аъзо ва тизимларда ўзига хос ўзгаришлар рўй бериб боради, бу эса аста-секин организмнинг ҳаётга мослашув имкониятлари сусайишига олиб келади. Одамларнинг қарилик даври 75 ёшдан кейин бошланади (90 ёшдан ошган кишилар узоқ умр кўрувчилардир), бу физиологик қарилик дир, бунда ақлий ва жисмоний қувват, маълум иш қобилияти, хушчақчақлик ва атрофга қизиқиш сақланади. Турли нохуш ташқи ва ички таъсиротлар барвақт ёки патологик қариликга олиб келади. Одатда, қариликнинг дастлабки белгилари Одамда етуклик давридан (шартли равишда 60 ёшдан) сўнг бошланади. Лекин аслини олганда, қарилик организмнинг ўсиши ва ривожланиши тўхтагандан кейин сезила бошлайди. Масалан, 30-35 ёшларда биологик жараёнларнинг фаоллик даражаси пасая бошлайди. Қариш турли тўқима ва аъзоларда бир вақтда бошланмайди ва турли даражада кечади, у организм ҳужайралари яшаш хусусиятларининг аста-секин сусая беришидан иборат. Дастлаб қарилик туфайли бошланган ўзгаришлар амалда организмнинг ҳаёт шароитларининг кескин ўзгаришларига мослашувчанлик жараёнини бузмаса-да, аммо бора-бора ёш улғайиб, ўзгаришлар кучайганда организм бунга энди анча қийналиб мослашади. Хусусан, бу касаллик даврида, жисмоний ва руҳий зўрикишларда билинади.

Қариш жараёни, биринчи навбатда, юрак-томир ва нерв тизимига таъсир қилади; бунда бир фаолиятдан иккинчисига ўтиш қобилияти қийинлашади. Тормозланиш жараёнининг етарли бўлмаслиги нерв тизими қўзғлувчанлигининг ошишига олиб келади, шу туфайли атрофдаги нарсаларга мосланиш ва жавоб реакциялари суст ишланиб, секин йўқолади; эмоционал беқарорлик кучаяди.

Қарилик, кўпинча, турли хил сурункали касалликлар билан кечади, бу барвақт қариб қолишга олиб келиши мумкин. Умуман ёшга хос ўзгаришлар билан касалланиш ўртасида маълум даражада боғлиқлик бор. Қариликда организмнинг мослнувчанлик ва тикланиш имкониятлари сусаяди, бу – касалликларнинг авж олишига ва уларнинг анча оғир ўтишига сабаб бўлади. Шу боис касалликнинг олдини олиш барвақт қаришга йўл қўймасликка ёрдам беради. Ҳозиргача қарилик сабаблари тўғрисида аниқ фикр йўқ, лекин у бир қадар ирсиятга ҳам боғлиқ. Баъзи ойналарда узоқ умр кўрувчиларнинг наслдан-наслга ўтганлиги маълум. Аёлларда қариликнинг эркакларга нисбатан кечроқ кузатилиши генетик аппаратнинг хусусиятларига ва бошқа(лар) омилларга (масалан, аёлларда чекиш, спиртли ичимликлар ичиш кам) ҳам боғлик бўлиши мумкин. Маълумки, қарилик суръати турлича бўлади: баъзиларда 75-80 ёшда, ҳатто анча кейин ҳам турли ишлар билан шуғулланиш учун куч-қувват ва имконият бўлади. Бироқ ёш ўгиши билан барча одамларда меҳнат қобилияти пасаяди, салга толиқади. Шу сабабли, ёш ўтганда кишининг аҳволи яхши бўлса ҳам оғир иш қилмаслик керак. Қарилик даврида овқатланиш, меҳнат ва дам олиш режимига қатъий риоя этиш, ухлашдан олдин озроқ сайр қилиш, чниқиш муолажалари ва бошқа(лар) катта аҳамиятга эга. Бироқ чиниқиш муолажалари турини ва муддатини, албатта, шифокор билан маслаҳатлашиб олган маъқул. Айтиб ўтилганларга амал қилиш барвақт қариликнинг олдини олади ва унинг маромида кечишига, шунингдек, одамнинг жисмоний ва маънавий имкониятларини иложи борича сақлаб қолишга олиб келади. Қарилик сабаблари ва сир-асрорларини геронтология (тирик организмлар, жумладан, одамнинг ҳам қариш жараёнини ўрганадиган фан), уларда кечадиган касалликларни эса гериатрия (клиник тиббиётнинг кексаларга хос касалликларини ўрганадиган, шунингдек, уларнинг олдини олиш ва даволаш усулларини ишлаб чиқадиган бўлими) фани ўрганади.

Загрузка...