Қишлоқ врачлик пункти

Қишлоқ врачлик пункти (ҚВП) – даволаш-профилактика муассасаси, маълум ҳудудга бириктирилган аҳолига малакали тиббий ёрдам кўрсатади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1996 й. 21 май «Қишлоқ ижтимоий инфраструктурасини ривожлантирининг 1996-2000 й. ларга мўлжалланган Давлат дастури тўғрисида»ги 182-сон қарори, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 1996 й. 30 май 464-сонли буйруғига асосан ташкил қилинган. Шунга кўра, ҚВП 1500 ва ундан ортиқ аҳоли яшайдиган жойларда ташкил қилинади. Ҳоз. кунда фаолият кўрсатаётган ҚВП аҳоли сонига қараб 4 тоифага бўлинади, ундаги врачлар ҳамда ўрта тиббий ходимлар шунга мувофиқ белгиланади: аҳолиси 1500-2500 гала I тоифали;

2500-3000 гала II тоифали;

3000-5000 гала III тоифали;

5000-7000 ва ундан ортиқ IV тоифали.

ҚВП қуйидаги вазифаларни амалга оширади:

бириктирилган аҳолига малакали тиббий ёрдам кўрсатиш; аҳоли ўртасида касалланиш, жароҳатланиш, ўлим ва ногиронликнинг олдини олиш чора-тадбирларини ўтказиш;

аҳолини санитария-гигиена кўникмалари бўйича билим савиясини ошириш, рационал овқатланиш, соғлом турмуш тарзи, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишни тарғиб қилиш, зарарли одатлар (чекиш, ичкиликбозлик, гиёҳвандликнинг олдини олиш, уларга қарши кураш тадбирларини ташкил қилиш;

эмлаш ишлари, аҳоли яшайдиган жойлар, ташкилот, муассасалар, корхоналарнинг тозалиги, ичимлик суви таъминотини назорат қилиш, уларда жорий санитария назорати ўрнатиш;

ўсиб келаётган авлодни соғломлаштириш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, оилани режалаштириш, болалар орасида туғма нуқсонлар ва насл касалликларини камайтириш;

аҳолига шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш ва уларни вакти-вақти билан тиббий кўрикдан ўтказиш, диспансер назоратига олиш;

сил, тери-таносил, саратон (рак), руҳий, ички секреция безлари касалликлари ва бошқа(лар)га қарши курашиш бўйича даволаш-профилактика чора-тадбирларини ўтказиш;

аҳоли ўртасида касалланишни ишчи ва хизматчиларнинг вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик сабабларини аниқлаш ва камайтириш мақсадида хўжаликлар, ташкилотлар, корхона раҳбарлари билан биргаликда тадбирлар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

аҳолига кўрсатилаётган тиббий ва профилактик ёрдамнинг сифати ва самарадорлигини ошириш;

касалликларни вақтида аниқлаш, зарурият бўлганда тегишли даволаш-профилактика муассасаларига юбориш, врачлар маслаҳатини ташкил қилиш;

меҳнатга вақтинча лаёқатсизлик экспетизасини ўтказиш;

хавфли юқумли касалликлар, заҳарланишлар каби фавқулодда ҳодисалар рўй берганида юқори (вилоят, туман марказий касахоналарига) даволаш муассасаларига хабар бериш;

аҳоли соғлигини сақлашга қаратилган барча режа-тадбирларни ишлаб чиқиш ва ўтказишда жамоа ташкилотларини жалб этиш. ҚВП га врач раҳбарлик қилади.

Республикада 1996 й. 307 та ҚВП ташкил қилинган бўлиб, уларда 237 нафар врач фаолият кўрсатган бўлса, 2015 й. улар сони 2566 тани, врачлар сони эса 6174 тани ташкил этди. Ҳоз. уларнинг барчасида махсус тайёргарликдан ўтган умумий амалиёт врачлари фаолият кўрсатмоқда.