Қийшиқ бўйин – бўйин юмшоқ тўқималари ва мушакларининг бир томонлама тортишиши, умуртқа поғонаси бўйин қисмининг қийшайиши ёки касалланиши натижасида бошнинг бир томонга қийшайиб қолиши. Кўпинча ҳомиланинг она қорнида нотўғри ривожланиши ёки туғруқ вақтида бола бўйиннинг юмшоқ тўқимасиги шикаст етиши оқибатида пайдо (туғма қийшиқ бўйин) бўлади. Киши куйганда, жароҳаланганда, яллиғланиш жараёнларидан сўнг бўйнида чандиқ ҳосил бўлганда ҳам бўйин қийшайиб қолиши мумкин. Туғма қийшиқ бўйинда бўйин бир томонга (шикаст етган мушак томонга) қийшайиб қолади, энса ўша томонда елкага яқин туради, ияк эса кўтарилган ва қарама-қарши томонга бурилган бўлади. Чандиқланиш натижасида пайдо бўлган қийшиқ бўйинда бўйиннинг қийшайиши чандиқнинг жойлашиши ва ката-кичиклигига боғлиқ. Бола бошини бемалол қимирлата олмаса-да, оғриқ сезмайди. Туғма қийшиқ бўйинда бўйиннинг қийшиқлиги бола туғилган кунидан бошлаб билинади. Ўз вақтида даволанмаса, унга иккиламчи нуқсонлар – умуртқа поғонаси бўйин қисмининг қийшайиши қўшилади. Кўпинча, чақалоқ боши узунчоқ ва ён томонлари гўё ясси бўлиб кўринади. Туғруқ туфайли бош шаклининг бу хилдаги ўзгариши кейинчалик йўқолиб кетади. Бироқ бундай бола доимо бошини бир томонга қийшайтириб ётади, бу эса қийшиқ бўйиннинг ривожланишига олиб келиши мумкин. Шу сабабли, болалар энсаси остига бош тўғри турсин учун юмшоқ пахта чамбар қўйиш тавсия этилади. Она болада сагина, ҳатто вақтинчалик ўзгариш сезса, дарҳол шифокорга мурожаат этиши керак.
Баъзи ҳолларда қийшиқ бўйин операция қилинади. Операциядан сўнг ота-она шифокор назоратида даво гимнастикаси ва массаж қилиб туришлари керак.
[addtoany]