Туғруқ

Туғруқ – ҳомиладорликни якунлайдиган мураккаб физиологик жараён. Туғруқдан ҳомила ва йўлдош туғруқ йўлларидан ўтиб, ажралиб чиқади. Туғруқ нормал кечганида ҳомила 10 акушер (9 календарь) ойида туғилади; бу даврда ҳомила етук, бачадондан ташқарида яшаш қобилиятига эга бўлади.

Ҳомиладор аёлларнинг кўпчилигида туғруқда 2 ҳафта олдин туғруқ нишонаси кўринади; бунда бачадон туби кескин олдинга эгилади, қорин пастга тушади ва аёл енгил нафас ола бошлайди; организмдан ажралган суюқлик ҳисобига вазни бир кадар енгиллашади; бачадон мушаклари вақт-вакти билан қисқариб таранглашади.

Аёлнинг кўзи ёришига 1-2 кун келганида юзидан қуюқ чўзилувчан шиллиқ ажралади, баъзан шиллиқ бироз қон аралаш бўлади (ҳомиладорлик давомида бачадон бўйин каналини тўлдириб турган шиллиқ тикин ажралиб чиқади), қорин пастида, думғазада, бел соҳасида тарқоқ оғриқ кузатилади. Туғруқ нишонасидан аёл чўчимаслиги, аксинча туғруқнинг яқинлашиб қолганлигини ҳис қилиши лозим. Ана шундай белгилар кўринганида аёл уйда бўлиб тургани маъқул, чунки тез орада тўлғоқ кучайиб, уни зудлик билан туғруқхонага элтиш зарур бўлади.

Баъзи аёлларда туғруқ нишонаси бошланганида қоғоноқ суви кетиб қолади; бундай белгилар пайдо бўлганда аёлни дарҳол туғруқхонга ётқизиш керак, акс ҳолда, қоғоноқ суви билан бирга ҳомиланинг киндик ҳалқаси ёки қўли қинга тушиши мумкин. Бундан ташқари, қоғоноқ суви туғруқдан олдин кетиб қолса, қин орқали бачадонга инфекция кириши осонлашади. Ҳомиладор аёл туғишига яқин дард тута бошлайди (қ. Дард тутиши).

Ҳомила ўтадиган туғруқ йўли (Туғруқ канали) – кичик чаноқ суяклари ва юмшоқ тўқимадан (бачадон бўйин, бачадон туби мушакларидан) ташкил топган бўлиб, шакли эгилган найга ўхшаш.

Туғруқ каналининг кириш қисми қаттиқ суяк ҳалкадан иборат, эни 13 см, бўйи 11 см. Бу ўлчамлар ҳомила бошининг нормал ўтишига мос бўлади; ўлчамларнинг бундан кичик бўлиши (тор чаноқ) туғруқни мушкуллаштиради. Бундай вақтда операция қилиб туширилади.

Туғруқ биринчи марта туғаётган аёлларда 15-24 соат, такрор туғаётган аёлларда 10-12 соат давом этиши мумкин. Туғруқнинг қанча давом этиши аёлнинг ёшига (ёши каттароқ аёллар биринчи марта туғаётганида туғруқ узоқ давом этади), ҳомиланинг катта-кичиклигига, чаноқ ўлчамга, бачадон мушакларининг қисқаришига боғлик.

Туғруқ уч даврни ўз ичига олади. Биринчи давр узоқроқ (биринчи марта туғаётган аёлларда 13-18 соат, такрор туғаётганларда 6-9 соат) давом этади. Бу даврда бачадон бўйин аста-секин текисланиб, туғруқ канали кенгаяди. Бачадон бўйнининг ташқи тешиги тўла очилган қоғоноқ (ҳомила пуфаги) ёрилади. Баъзи ҳолларда ҳомила пуфаги ёрилмай қолса, бола «пардали» туғилади, бу ҳомила учун жуда хавфли, чунки у димиқиб нобуд бўлиши мумкин. Бачадон бўйнининг тўла очилиши ва қоғоноқ сувининг кетиши бачадон мушакларининг қисқаришига ва ҳомиланинг туғилишига имкон беради (иккинчи давр). Бу даврда бачадон мушакларининг ритмик қисқариши янада кучлироқ ва узоқроқ давом этиб, унга қорин девори мушаклари ҳамда диафрагманинг қисқариши қўшилади, яъни кучаниқ рўй беради. Аёл ҳар кучаганида ҳомила туғруқ канали бўйлаб сурила бошлайди, бунда ҳомила маълум ҳаракатлар қилиб сурилади, бу эса унинг осонгина туғилшини таъминлайди. Ҳомила боши чаноқнинг катта ўлчамига мослашиб силжийди, бу даврда ҳомила боши букилади ва энгаги кўкрагига тгади, юзи ўнг ёки чапга қарайди.

Ҳомила туғруқ канали бўйлаб силжиганда энса қисми билан олдинга, юзи билан думғаза томонга ўгирилиб олади. Ҳомиланинг боши чаноқ туби, тўғри ичак ва ташқи чиқарув йўлини босади, бунда аёлнинг ҳожати кистагандек туюлади. Кейинчалик аёл ҳар кучанганида ҳомила боши жинсий оралиқда кўринади, кучаниқ тўхташи билан кўринмай қолади; тез орада шундай пайт келадики, кучаниқ тутмай турганида ҳам ҳомила боши кўриниб тураверади. Бу вақтда туғруқни бошқарувчи акушерка чакалоқни туғдиришга киришади. Ҳомиланинг туғилиш даврида аёл акушерканинг айтгани бўйича кучаниқни телатиши ёки секинлатиши мумкин, бунда бола чикаётганида туғруқ йўлидаги юмшоқ тўқималар йиртилмай қолади. Ҳомиланинг боши чиқиши билан танаси кўринади. Шу билан Т. нинг иккинчи, яъни ҳомиланинг туғилиш даври тугайди. Бу давр биринчи бор туғаётган аёлларда 1,5-2 соат, такрор туғаётган аёлларда ярим соатдан бир соатгача давом этади.

Чақалоқ билан йўлдошни бирлаштирувчи киндик кесиб боғланади. Чақалоқ туғилиши биланок йиглайди, нафас ола бошлайди. Энди учинчи давр, яъни йўлдош тушиш даври бошланади, бу ўртача 30 мин. дан 1 соатгача давом этади. Бунда йўлдош бачадон деворидан кўнади ва тушади; бироз (250 мл на) қон кетади. Йўлдош тушиш даврини врач синчиклаб кузатиб туради, чунки йўлдош бутунлигича тушмай, бирор бўлаги қолиб кетса, қон кетишига сабаб бўлиши мумкин. Йўлдош тушиши билан Т. тугаб, чилла даври бошланади.

[addtoany]