Қон ўрнини босувчи суюқликлар

Қон ўрнини босувчи суюқликлар, инфузион воситалар – даволаш мақсадида қон ёки плазма ўрнига ишлатиладиган воситалар; шок ҳолатида, кўп қон йўкотганда, камқонлик, йирингли Септик касалликларда, куйганда ва бошқа(лар)да қўлланилади. Таъсир этишига кўра гемодинамик (шокка қарши), дзинтоксикацион ва парентерал қон ўрнини босувчи суюқликлар ажратилади.

Шокка қарши препаратларга декстран асосидаги ўрта молекулали полиглюкин, полифер, полиглюсоль, макродекс, интрадекс, декстран, плазмодекс, хемодекс ва бошқа(лар), шунингдек, қуйи молекулали реополиглюкин, реоглюман, ремакродекс, ломодекс, декстран-40, гемодекс; желатина препаратлари – желатинол, гемжель, желофузин, плазможель; гидрооксиэтикрахмал асосидаги препаратлар – оксиамал, волекам, плазмостерил, волекс, 6-ХЕС; политилен гликол асосидаги полиоксидинлар ишлатилади. Дезинтоксикацион (организмни заҳарли моддалардан тозаловчи препаратлар) таъсир этувчиларга қуйи молекулали поливинилпиролидон асосидаги препаратлар, асосан, гемодез, неогемодез, перистон-Н, субтозан, пламозан, комидон ва ҳ. к. киради. Улар ҳар хил заҳарли моддалар билан комплекс бирикмалар ҳосил қилади ва сийдик орқали организмдан чиқиб кетади. Парентерал овқатлантиришда (овқат сифатида) оқсил маҳсулотлари (плазма, альбумин), шунингдек, оқсил гидролизатлри (казеин гидролизати, гидролизин, аминпептид, фибриносоль ва бошқа(лар)) қўлланилади. Ёғли эмульсиялар (инфузолипол, интрапипид, лпифизиан, липофундин, липозин, инфонутрол, фатген) ҳам парентерал овқатлантириш ва организмнинг қувватини ошириш учун ишлатилади. Комплекс таъсир кўрсатувчи, шунингдек, кислород ташиш фаолиятига эга, сув-туз ҳамда кислота-ишкор мувозанатини бошқарувчи қон ўрнини босувчи суюқликлар ҳам мавжуд.

[addtoany]