Қовуқ, сийдик пуфаги – одам, баъзи умуртқасизлар ва кўпчилик умуртқалиларнинг ичи бўш халтасимон аъзоси, унда сийдик йиғилади; сиғими 500-700 мл. Бўш қовуқ пучайган ҳолда бўлиб, ичида сийдик бор-йўклигига қараб, шакли ўзгариб туради. Кичик чанокда қов бирикмаси ортида ётади; унинг туби, танаси ва учи тафовут қилинади. Қовуқ деворида кучли мушак қавати бўлиб, у кискарганида қовуқ бўшлиғи кичраяди. Сийдик найлари Қ. ка очиладиган жойида ва сийдик чиқариш каналининг ички тешиги атрофида айлана мушак тутамлари сфинктерлар ҳосил қилади, улар сийдикнинг Қ. ка тушишини ва Қ. дан чиқишини ростлаб туради. Аёллар қовуғининг орқасида бачадон ва қин, эркакларда эса уруғ пуфаклари ва уруғ чиқариш йўллари бўлади. Қовуқнинг олд томонида қовуқ билан қов суяклари орасида уларни ажратиб турувчи оралиқ бор, шунинг учун Қ. эркин ҳаракат қила олади. Қовуқ сийдик билан тўлганда чаноқ бўшлиғидан кўтарилиб, қов бирлашмасидан юқорига, ҳатто киндикгача боради.
Сийиш мураккаб рефлектор ҳолат, бунда қовукни бўғадиган мушаклар қисқаради, сийдик чиқариш каналининг сфинктерлари бўшшади. Соғлом одам ковуғида 250-300 мл сийдик тўпланганида сийгиси кистайди. Нормал шароитда одам бир суткада 4-6 марта сияди. Соғлом киши суюқпикни кўп истеъмол қилса, тез сияди; қуруқ овқат еса ёки йилнинг иссиқ фаслида сийдик миқдори камаяди.
[addtoany]