Қулоқ оғирлиги – эшитиш қобилиятининг пасайиши. Болаларда кўпинча ўткир ёки сурункали отит, бурун ва бурун-ютқин касалликлари (кўпинча аденоид) оқибатида юзага келади. Эшитув нерви ва ички қулокдаги патологик жараёнлар, кўпинча, қулоқ оғирлигига сабаб бўлади. Баъзан туғма ва болаликдаги қулоқ оғирлиги сабабли бола нутқи бузилиши мумкин. Катталарда отосклероз, ички кулокда қон айланишининг бузилиши, эшитув нервининг ёшга қараб ўзгариши (кексалик Қ. о.), шунингдек, узоқ вақт кучли шовқин таъсири ва сурункали интокскация (алкоголь, никотин, симоб, қўрғошин ва бошқа(лар) таъсири) ҳам Қ. о. га олиб келади. Қулоқ оғирлиги енгил, ўртача ва оғир кечади. Давоси: Қ. о. га сабабчи омиллар йўқотилади, турли дори-дармонлар ёки операция йўли билан даволанади. Кўпроқ эшитув аппаратлари қўлланилади.
[addtoany]