Қулоқ

Қулоқ – одам ва умуртқали ҳайвонларнинг эшитиш ҳамда мувозанат органи; эшитиш анализаторининг периферик қисми. Ташқи, ўрта ва ички қулоқ фарқ қилинади. Ташқи қулоқка қулоқ супраси ва ташқи эшитув йўли киради. Қулоқ сураси усти тери билан қопланган эластик тоғайдан тузилган. Супранинг пастки юмшоқ қисмида тоғай бўлмайди. Ташқи эшитув йўли анча кенг бўлиб, ўз. 30-35 мм, ўрта қисми торайган (бўйин). Ташқи эшитиш каналини қоплаган тери сертук бўлиб, ёғ безлари олтингугуртга бой модда (сера) ишлаб чиқаради. Қулоқ сариғи деб шунга айтилади, у ҳимоя вазифасини бажаради; одатда, у каткалоққа айланади ва чайнаш, гапириш пайтида ўз-ўзидан ташқарига ажралиб чиқади. Қулоқ сариғи кўп ишланса, сера тикни (пробкаси)ни ҳосил қилиб, ташқи эшитув йўлини бекитиб қўяди. Бу йўлнинг олд девори пастки жағ бўғими билан чегарадош, шунинг учун унинг яллиғланиш касалликларида оғиз очилса, қулоқда оғриқ пайдо бўлади. Ташқи эшитув йўлига пастда қулоқ олди бези тегиб туради.

Ўрта қулоқ ноғора бўшлиғи (ичи ҳаво билан тўла), эшитув суякчалари (болғача, сандон, узанги) ва ҳалқум (ютқин) билан туташган Евстахий наидан ташкил топган, у ўрта қулоқ бўшлиғидаги ҳавони алмаштириб, бир мувозанатда сақлаб туриш вазифасини бажаради. Ўрта қулоқнинг ташқи девори – қулоқ пардаси юпқа, аммо пишиқ плстинкадан иборат. Киши ютинганда Евстахий найи очилиб, ҳаво бурун-ҳалқумдан ўрта қулоқка ўтади. Ноғора бўшлиғининг девори бош мия, йирик қон томир ва юз нервига яқин жойлашган. Ўрта қулоқдан ичкарида спирал шаклидаги ва ташқи кўриниши чиғаноққа (эшитиш органи) ўхшаш, ярим ҳалқасимон каналлар бор; ички Қ. чакка суягининг пирамида қисми ичида жойлашган бўлиб, суяк ва парда лабиринтдан иборат. Суяк лабиринт билан парда лабиринт орасидаги бўшлиқ перилимфа суюқлиги билан тўла. Ички Қ. вестибуляр аппарат ва чиғаноқ қисмлари ёрдамида товуш тебраниши ҳамда гавда мувозанатининг ўзгаришини қабул қилиш вазифасини бажаради. Чиғаноқ ичида сезгир эшитув ҳужайралари бор. Қулоқ супраси, ташқи эшитув йўли, Қ. пардаси ва эшитув суякчалари бу ҳужайраларга товуш тўлқинларини етказиб бериб, уларни таъсирлайди; таъсирот сезгир эшитув ҳужайраларининг ўсиғидан ташкил топган эшитув нерви орқали бош мия пўстлоғига келади; товуш, асосан, шу ерда анализ қилинади ва эшитиш фаолияти вужудга келади. Товуш манбаи қайси Қ. қа яқин бўлса, шу Қ. олдин ва кучли эшитади, шунга қараб товуш манбаини аниқлаш мумкин. Мувозанат аъзоси (вестибуляр аппарат) ярим ҳалқасимон кналлардан ташкил топган; булар турли сатҳда жойлашган бўлиб, ичида эндолимфа суюқлиги бор. Каналларнинг бир учи ампула шаклида кенгайган; ампула ва халтачалар ичида нерв ҳужайралари жойлашган; улар фазода тана ўз ҳолатини ўзгартирганда ва бош тез ҳаракат қилганда таъсирланади. Вестибуляр аппарат ҳолати ҳар кимда ҳар хил. Айрим кишиларнинг вестибуляр аппарати тез кўзғалувчан бўлади, бундай кишилар автомашинада узоқ юролмайди. Баъзи кишиларда, шунингдек, махсус матнларни ўтганларда вестибуляр аппарат ҳатто самолёт ва космик кемада учишдек кучли таъсирларда ҳам суст қўзғалади. Вестибуляр аппарат кўз соққасини ҳаракатлантирувчи, юрак қисқариши, терлаш каби вазифаларни бажарувчи нервлар билан боғланган.

[addtoany]