Қусиш

Қусиш, қайт қилиш – меъда, диафрагма, қорин девори ва бошқа(лар) мушакларнинг спаматик қисқариши натижасида меъда ичидаги нарсаларнинг ғайриихтиёрий равишда оғиздан ташқарига чикарилиши. Меъда ва ички аъзолар, марказий ҳамда периферик нерв тизимининг таъсирланиши (масалан, заҳарланганда) ёки касаллиги оқибатида рўй беради. Қусиш меъда шиллиқ қаватининг таъсирланишига нисбатан организмнинг ҳимоя – мосланиш реакцияси бўлиб, кўпинча, ютиб юборилган ёт жисмлар, сифатсиз овқат ва турли заҳарли моддалар таъсирида содир бўлади. Қусиш туфайли организм зарарли, баъзан ҳатто ҳаёт учун хавфли моддалардан халос бўлади. Меъданинг баъзи касалликлари (масалан, яра касаллиги, гастрит) да қусишдан олдин кўнгил айнийди, одатда, қусишдан сўнг бемор ўзини енгил ҳис қилади. Қусиш юрак, ўт пуфаги, аппендикс (чувалчангсимон ўсимта), буйрак ва бошқа(лар) аъзолар фаолияти издан чиққанда меъдага рефлектор таъсир этиши натижасида ҳам пайдо бўлиши мумкин. Қусиш бош мия ва унинг пардалари касалликлари (менингоэнцфалит, бош мия ўсмалари ва шикастланишлари), мияда қон айланишининг бузилиши белгиси бўлиши, шунингдек, эмоционал бузилишлар туфайли (масалан, баъзи бир нохуш таомлар, қон, қусуқ массалари ва ҳ. к. ни кўрганда) юзага келиши ҳам мумкин. Ҳомиладорларнинг кусиши, кўпинча, ҳомиладорлик токсикозларитнг аломати бўлади.

Қусиш вақтида, айниқса, оғир ва ҳушсиз ётган беморларга кўз-қулоқ бўлиб туриш керак, чунки бундай ҳолларда қусуқ нафас йўлларига тушиб, бемор бўғилиб қолиши, ўлкаси яллиғланиши мумкин. Қайт қилаётган беморни ўтказиб қўйиш ёки бошини пастга қилиб, ёнбоши билан ётқизиш лозим. Агар бемор ётган бўлса, унинг бошини ён томонга қаратиб, қусиб бўгунча шу ҳолатда ушлаб туриш керак, қусиб бўлгач эса унинг оғзини чайдириш, мадорсиз беморлар оғзини ҳўл тампон билан тозалаб олиш лозим. Қусуқ таркибида қон бўлса дарҳол шифокор чақириш зарур. Қусиш истеъмол қилинган озиқ-овқат ёки дори воситаларига алоқадор бўлса, уларни қўлламаслик керак. Агар қусиш сабабсиз рўй берса, шифокорга мурожаат қилиб, Қ. да юз берган ҳолатни тафсиллаш ҳамда қусуқ массасини шифокорга кўрсатиш талаб этилади, чунки унинг ташқи кўриниши, таркиби ва бошқа(лар) қусиш сабабларини аниқлашга ёрдам беради. Болаларда Қ. катталарга нисбатан кўпроқ кузатилади. Қусишнинг барча ҳолларида тезлик билан шифокорга мурожаат қилиш керак. Фақат тиббий текширишларгина Қ. сабабларини аниқлаш ва уни ўз вақтида олдини олиш ҳамда даволаш имконини беради.

[addtoany]