Реаниматология

Реаниматология [реанимация – қайта жонлаштириш ва логия – фан] – организмни жонлантириш ва тасодифий ўлимдан сақлаб қолиш ҳақидаги фан; тиббиётнинг бир бўлими. Реаниматология, асосан, шикастланиш, операция пайтида, шунингдек, клиник амалиётда нафас аъзолари, қон айланиши, эндокрин тизим, моддалар алмашинуви ва бошқа(лар) жараёнларнинг бузилишидан юзага келадиган оғир ҳолларда организмнинг ҳаётий муҳим фаолиятларини бошқариш ва тиклаш масалаларини ўрганади.

Қадимдан врачлар ўз давридаги мавжуд шифобахш воситалар ёрдамида ҳали яшаши мумкин бўлган соғлом организмни тасодифий ўлимдан сақлаб қолиш учун курашиб келганлар. Ўрта асрларда А. Везалий камишдан ясалган найча билан ҳайвонларга сунъий нафас олдириш устида тажрибалар ўтказди. 17-а. охирларига келиб ўлим ва организм ҳаёт фаолиятининг тикланиш жараёнлари қонунлари ўрганила бошланди. Реаниматология тиббиётнинг мустақил илмий-амалий бўлими сифатида 20-а. ўрталарида шаклланди. Уруш йилларида ярадорларда учраган геморрагик ва кучли оғриқ таъсирида юз берган шок ҳолати ҳамда ҳаво етишмаслиги сабаблари ва ҳ. к. ни ўрганиш реаниматологиянинг ривожланишига ёрдам берди.

Реаниматология ҳозирги замон фани ютуқларига, хусусан, организм турли тизимлари фаолиятининг бузилиши тўғрисида огоҳлантирадиган электрон аппарати ҳамда нафас олиш ва қон айланишини сақлаб турадиган аппаратлар ва ҳ. к. га таянади.

Ўлим тез рўй берадиган биологик ҳодисанинг бўлиб қолмай, балки узоқ давом этадиган бир неча давр ва ҳолатлардан, ҳаётнинг охирги босқичлари – терминал ҳолатдан сўнг юз берадиган жараёндир. Агар клиник ўлим вақти қисқа бўлиб, ҳаёт учун муҳим аъзолар фаолияти сўниб улгурмаган бўлса, организмни жонлантириш, газ алмашинуви, қон айланишини тиклаш тадбирлари кўрилади. Бунинг учун организмнинг биргина тизими эмас, балки марказий нерв тизими, юрак-томир тизими, газ алмашинуви, эндокрин тизим ва бошқа(лар) муфассал ўрганилади.

Реаниматологиянинг асосий вазифаси ҳаётдан ўлимга ўтиш даврини ва тирилтиришдан сўнг ўлимдан ҳаётга қайтиш даврининг биологик қонунларини ўрганиш, шунингдек, терминал ҳолатнинг олдини олиш, жонлантирилган организмни даволаш, ўлим сабаблари ва организмни жонлантириш мумкин ёки мумкин эмаслигини аниқлашдир. Реаниматология патофизиология, хирургия, анестезиология каби фанлар билан чамбарчас боғлиқ. Ўзбекистондаги тиббиёт ин-тларида реаниматология кафедралари бўлиб, у ерда бу соҳанинг энг долзарб масалалари устида илмий текшириш ишлари олиб борилади.

[addtoany]