Реанимация

Реанимация [ре – қайта ва лот. animatio – жонлантириш, тирилтириш] – клиник ўлим ҳолатидаги (қ. Терминал ҳолат) кишиларни тирилтириш, шунингдек, ҳаётий муҳим аъзоларнинг бахтсиз ҳодисалар, касаллик ва унинг асоратлари натижасида тўсатдан йўқолган ёки ўзгарган фаолиятларини тиклаш учун кўриладиган чора-тадбирлар мажмуи. Нафас олиш ва юрак фаолияти тўхтаганда ёки амалда нафас ҳам, қон айланиш ҳам организм эҳтиёжини таъминлай олмай қолган ҳолларда реанимация қўлланилади. Реанимация масалаларини реаниматология ўрганади. Рениматологиянинг тараққий этиши эндиликда Р. усулларидан бевосита жонлантиришда эмас, балки моддалар (сув-электролит, газ) алмашинувининг кескин бузилиши, қон айланиши, нафас, жигар, буйрак фаолиятининг нуқсонларида ҳамда операциялардан сўнг аъзолар фаолиятини тиклашда ҳам фойдаланиш имконини берди. Яшашга қобилиятли организмнигина тирилтириш мумкин. Реанимация тадбирларини оғир механик шикастланишдан, шу жумладан, шикастланиш оқибатидаги шок, қон кетиши, ток уриши, кучли заҳарланиш, бўғилиш, сувга чўкиш, термик куйиш, совқотиш ва ҳ. к. дан ўлаётган вақтда қўллаш лозим. Реанимацияни, кўпинча, «тезкор даволаш» («интенсив терапия»), «тезкор парвариш» («интенсив парвариш») дейилади. Демак, тўсатдан юз берувчи ўлим билан тугайдиган ҳар қандай танг ҳолат реанимацион тадбирларни зудлик билан амалга оширишни тақозо этади. Реанимация ўтказишда турли воситалар, жумладан, электрон асбоблар (дефибриллятор, электростмулятор ва ҳ. к.) ва бошқа аппаратлар, хирургия усуллари (трахеостомия, пункция, йирик томирларга катетер қўйиш), дори-дармонлардан фойдаланилади, шунингдек, юракни бевосита (яъни, кўкрак қафасини очмай туриб) массаж қилиш, аппаратсиз сунъий нафас олдириш ва ҳ. к. усуллар қўлланади. Реанимацияни шифокор, ҳамширалар, шунингдек, махсус тайёргарликдан ўтган бошқа соҳадаги кишилар бажаради, тез ёрдам ходимлари малакали реанимацион ёрдам кўрсатади.

Реанимация чора-тадбирларининг тўла ком-плекси махсус Р. ва тезкор даволаш бўлимларида ўтказилади, бу бўлимлар неврология, кардиология, хирургия ва бошқа(лар) марказларда ташкил топса, шу асосда тармоқлар (кардиологик, токсикологик ва ҳ. к.)га бўлинади. Йирик вилоят ёки шаҳар касалхоналарида тузилган. Реанимация марказлари кўп тармоқли бўлади.

[addtoany]