Рефлекслар

Рефлекслар – организмнинг марказий нерв тизими орқали ички ёки ташқи муҳит омиллари таъсиридан рецепторлар қўзғалишига жавоб реакцияси. Рефлексларнинг тузилиш механизми рефлектор ёйдан иборат. Бунда рецепторлар таъсиротни қабул қилиб, сезувчи (афферент) нервларга, улар мия марказига, марказий нерв тизими қўзғалиши миядан ҳаракат аъзоларига узатувчи (эфферент) нервларга, улардан эффекторлар – мушаклар, безлар ҳамда ички аъзоларга ўтказади. Рефлекслар аъзолар ишини ва уларнинг ўзаро таъсирини тартибга келтиришда (қ. Гомеостаз), организм бир бутунлигини сақлаш ҳамда яшаш шароитига мосланишда катта аҳамиятга эга.

Рефлекслар ҳақидаги дастлабки тасаввурларни француз философи ва табиатшуноси Декарт илгари сурган. 18-а. да рефлектор аппарат тўғрисидаги таълимотга швейцариялик А. Галлер, чех Й. Прохаска, шотланд Ч. Белл, француз Ф. Мажанди ва бошқа(лар) ўз ҳиссасини қўшди. 19-а. нинг 2-ярмига келиб, рефлектор (автоматик, ихтиёрсиз), шунингдек, ихтиёрий ҳаракатлар тўғрисидаги маълумотлар тўплайди. И. М. Сеченов ўз асарларида «ҳаётдаги барча онгли ва онгсиз актлар бутун моҳияти билан рефлекслар дир» деган эди. Бу тушунчани И. П. Павлов олий нерв фаолияти тўғрисидаги таълимотда риволантирди. И. П. Павлов барча рефлексларнинг келиб чиқиши, механизми ва биологик аҳамиятини ҳисобга олиб, туғма шартсиз рефлекслар ва ҳаёт давомида орттирилган шартли рефлекслари ажратди.

Жавоб реакцияси турига қараб, миллисекунддан бир неча секундгача давом этади. Қўзғалиш рефлектор ёйда фақат бир йўналишда – афферент нерондан эфферентга томон ўтказилади. Бу хусусият нейронлараро қўзғалишни узатиш пайтида ажралиб, синаптик туташишни вужудга келтирувчи кимёвий моддалар (медиаторлар) га боғлиқ. Рефлекслар алоҳида-алоҳида кечмасдан, маълум функционал ҳамда биологик аҳамиятга эга бўлган мураккаб рефлектор актларга бирлашади (масалан, оғриқни сезиш натижасида ҳосил бўладиган рефлектор рефлексларда бир мушак қискарса, иккинчиси бўшашади, нафас ҳамда юрак фаолияти ўзгаради ва ҳ. к.). Ички аъзолар касалликлари натижасида патологик рефлекслар рўй бериши мумкин. Масалан, ўпка артерияси ички пардасининг маълум қисмига ёт тана таъсирида юрак иши тўхтайди (шартсиз патологик рефлекслар), об-ҳво ёмон пайтда токка кўтарилаётганда юрак тож томирларида спазм рўй беради, шу ҳолат об-ҳаво яхши вақтда ҳам худди ўша жойда такрорланиши мумкин (шартли патологик рефлекслар). Шартли патологик Р. такрор таъсирот билан мутаҳкамланмаса-да, узоқ вақтгача сақланади.

[addtoany]