Регенерация [лот. regeneratio – қайта тикланиш] (биологияда) – организмнинг йўқотган ёки жароҳатланган аъзолар ва тўқималарни тиклаш хусусияти (хусусий регенерация), шунингдек, унинг айрим қисмларидан бир бутун организмнинг тикланиши (соматик эмбриогенез, вегетатив кўпайиш). Регенерация атамасини француз табиатшунос Реомюр (1712) киритган.
Одам ва ҳайвонларда регенерация репаратив (олиб ташланган ёки нобуд бўлган тузилмалар ўрнига янгисининг ҳосил бўлиши) ва физиологик (йўқотилган тузилмалар ўрнига янгисининг ҳосил бўлиши) бўлади. Физиологик регенерация кўпроқ учрайди (масалан, сут эмизувчиларда қон ва айрим эпителий ҳужайраларининг янгиланиб туриши). Регенерация турли ҳайвонларда турлича ривожланган. Кўпчилик тубан умуртқасиз ҳайвонлар (ғовак танлилар, бўшлиқичлилар)да тананинг кичик парчасидан яхлит организм ривожланиши мумкин. Тубан умуртқалилар (сувда ва қуруқликда яшовчилар, судрапиб юрувчилар), шунингдек, бир қанча юксак умуртқасизлар (ҳалқалилар, қискичбакасимонлар, игнатрилилар)да кўз қисмлари, дум, ичак ва тўқималар, одам ва сут эмизувчиларда эса фақат айрим тўқималар тикланади. Шароит ўзгарганида гетероморфоз келиб чиқиши мумкин. Регенерация механизмларини ҳужайравий манбалар, ҳужайралараро ва тўқималараро таъсирлар, гормонлар ва бошқа(лар) биологик фаол моддалар таъсири, нерв ва иммун тизимлари, шунингдек, генетик омиллар орқали тушунтириш мумкин. Турли аъзолар ва тўқималар регенерациясида кам ихтисослашган (кўпчилик ҳайвонларда) ва ихтисослашган (тубан умуртқалиларда) ҳужайралар иштирок этади. Масалан, одам ва ҳайвонларда суяк тўқимаси Р. си остеоген (суяк ҳосил қилувчи), мушак тўқимаси Р. си йўлдош (сателлит) ҳужайралар билан боғлиқ. Организмнинг ёши, моддалар алмашинувининг жадаллиги, эндокрин ва нерв тизими ҳолати, касалликлар Р. ни кучайтириши ёки секинлаштириши туфайли патологик Р. рўй бериши мумкин. Бунда жароҳат узоқ вақт битмайди.
[addtoany]