Сийдик ҳайдовчи дорилар [диуртикпар], пешоб ҳайдовчи дорилар – организмдан сийдик чиқарилишини кучайтирадиган дорилар. Сийдик ҳайдовчи дорилар тўқима ва тана бўшлиғидаги суюқлик миқдорини камайтиради, шунинг учун улар организмда сув тўпланиб шиш пайдо қиладиган айрим юрак, буйрак ва жигар касалликларида ҳамда қон босимини туширишда қўлланади.
Сийдик ҳайдовчи дорилар сийдик ҳосил бўлишига таъсир кўрсатиб диурезни оширади. Таъсир қилиш механизмига кўра, уларни 2 гуруҳга бўлиш мумкин:
1) бевосита буйракнинг сийдик ҳосил қилувчи вазифасига таъсир кўрсатувчи; 2) сийдик ҳосил бўлишининг гормонал назоратига таъсир кўрсатувчи.
Биринчи гуруҳга мансуб дори воситалари буйрак найлари эпителийсига таъсир кўрсатиб, уларнинг реабсорбция қилиш (қайта сўрилиш) вазифасини сусайтиради ёки найчалар ичидаги осмотик босимни оширади, натижада натрий, хлор, калий ионлари ва у билан боғлиқ сувнинг реабсорбцияси камаяди (дихлотиазид, клопмид, фуросемид, этакрин кислотаси, маннит, мочевина ва бошқа(лар)).
Иккинчи гуруҳга мансуб дори воситалари альдостероннинг антагонисти ҳисобланади (спиронолактон). Буйрак усти безининг гормони – альдостерон натрий ионларининг қайта сўрилишини ва калий ионларининг секрецясини бошқаради. Спиронолактон эса буйрак нефронларига альдостеронга қараганда қарама-қарши таъсир кўрсатади, яъни гормон таъсир қилувчи рецепторларни тўсиб, сийдик билан натрий, хлор ионлари ва шунга мос миқдордаги сувнинг чиқиб кетишини таъминлайди.
Ҳар хил ўсимликлар (бўтакўз, далачой, лимонўт, сариқчой, тоғрайҳон, қариқиз, чучукмия ва бошқа(лар)) таркибига кирувчи моддалар ҳам сийдик ҳайдовчи восита сифатида қайнатма ёки дамлама шаклида азалдан халқ табобатда қўлланиб келинган. Бундан (беҳи, тарвуз, пиёз, саримсоқ, узум ва бошқа(лар)) ташқари, маълум бир мева-сабзавотлар ҳам шундай хоссага эга сийдик ҳайдовчи дориларни қабул қилганда сийдик билан бошқа ионлар (хлор, калий ионлари) ҳам ташқарига кўп чиқиб кетади, бу – организм баъзи фаолиятларининг бузилишига сабаб бўлиши мумкин. Бунинг олдини олиш мақсадида сийдик ҳайдовчи дорилар билан даволашда таркибида калий кўп бўлган ўрик, сабзи ва бошқа(лар)ни ҳам истеъмол қилиш буюрилади.
Сийдик ҳайдовчи дориларни фақат шифокор кўрсатмасига кўра қўллаш лозим, чунки бу дориларнинг бир қанча ножўя таъсирлари мавжуд (гипо- ва гиперкалиемия, гипер-урикемия, алкалоз, ацидоз, юрак аритмиялари, гинекомастия, аллергик реакциялар, нефротоксиклик ва бошқа(лар)).
[addtoany]