Склероз [юн. sklerosis – қотиш, қаттикдашиш] – аъзолар, томирлар девори ва тўқималарнинг специфик функционал элементлари (без ҳужайралари, мушак толалари ва бошқалар) ўлиб, ўрнини бириктирувчи тўқима эгаллаши натижасида уларнинг қаттиқлашиши. Склеротик ўзгаришларнинг ривожланиши шикастланган аъзо фаолиятининг пасайишига олиб келади. Юрак мушаклари склерози (кардиосклероз) юракнинг қисқаришини камайтиради. Ўпка тўқималари склерози (пневмосклероз) қоннинг кислород билан тўйиниши камайишига сабаб бўлади. Артерия томирлари С. и (атеросклероз) томирларда қоннинг ҳаракат қилишини, шунингдек, кислород ва озиқ моддаларнинг аъзо ва тўқималарга етказилишини қийинлаштиради.
Кўп ҳолларда турли яллиғланиш жараёнлари билан кечадиган касалликлар (сил, захм, сурункали яллиғланиш жараёни ва бошқалар), шунингдек, турли хил сабабларга кўра, моддалар алмашинувининг бузилиши (тўқималарда узоқ вақт кислород етишмаслиги, эндокрин аъзолар фаолиятининг бузилиши ва бошқалар) касалликка сабаб бўлади. Склероз одам организмининг барча тўқима ва аъзоларида пайдо бўлиши мумкин.
Склерознинг олдини олиш учун унга сабаб бўлган касалликларни ўз вақтида аниқлаш ва даволаш керак.
[addtoany]