Сомнамбулизм

Сомнамбулизм [лот. somnus – уйқу ва ambulo – юрмоқ], лунатизм – уйкуда юриш, бунда бемор уйкуда одатдаги ҳаракатларни ғайриихтиёрий бажаради (масалан, юради, кийинди, буюмларини олиб тахлайди) ва яна ўрнига ётиб уйқусини давом эттиради. Кучли товуш ёки бирор таъсирловчи ёрдамида уйғотилса, у дарров ўзига келади ва қилган хатти-ҳаракаларини мутлақо эслай олмайди. Бунга ўхшаш ҳолат эпилепсияда ҳам кузатилади, шу боис уни сомнамбулизмдан фарқлаш лозим. Сомнамбулизм жуда чарчаб қолганда, астеник неврозларда, истерияда, оғир касалликлардан тузалаётганда пайдо бўлиши мумкин. Бу касаллик уйқу пайтида марказий нерв тизимининг тормозланиши миянинг ҳаракат фаолиятини белгилайдиган соҳасига таркалмагада рўй беради. Нотўлиқ, юзаки тормозланишга ухлаб ётган одамнинг тушида гапириши, ўрнидан туриб ўтириши мисол бўла олади. Бироқ анча рўй-рост бузилишлар сомнамбулизм деб аталади. Бунда ухлаб ётган одам ўрнидан туриб, мақсадсиз юради ёки кўрган тушига қараб ҳаракат қилади, эрталаб уйқудан тургач, буни зўрға эслади ёки бутунлай эслай олмайди. Бу касалликка учраган истерик табиатдаги одам бўлган воқеани лоф уриб гапиради.

Касаллик хуружлари пайтида уйқудаги одам йиқилиб тушиши, жароҳатланиши мумкин, шундагина у уйғониб кетади. Бахтсиз ҳодиса рўй бермаслиги учун сомнамбулизмга учраган киши ётган уйнинг деразалари ва эшикларини ёпиб, электр асбобларини ўчириб қўйиш лозим. Сомнамбулизм билан касалланган одамни худди ухлаб ётган одамни уйғотгандек оҳиста, паст овоз билан уйғотиш лозим.

[addtoany]