Сўлак безлари – оғиз бўшлигига сўлак чиқарадиган ҳазм безлари; булар оғиз бўшлиғи шиллиқ қаватида (лаб, лунж, танглай ва тилда) жойлашган. Эволюцион жиҳатдан оғиз бўшлиғининг ривожланиши билан боғланган. Дастлаб функционал сўлак безлари ҳашаротларда пайдо бўлиб, овқат ҳазм қилиш тизимининг олдинги қисмида жойлашган. Айрим ҳайвонларнинг сўлак безлари заҳарли моддали (масалан, айрим илонлар заҳри) ёки қон ивишининг олдини оладиган (масалан, зулукларда гирудин) секрет ишлаб чиқаради. Серозли ва шиллиқ сўлак ажратадиган безлар ҳамда аралаш безлар фарқ қилинади. Булардан ташқари яна 3 жуфт – қулоқ олди, тил ости ва жағ ости сўлак безлари бор. Одамда қулоқ олди С. б. нинг (ташқи эшитув йўлларининг олдида жойлашган) йўли оғиз бўшлиғининг кириш қисмига, жағ ости С. б. нинг (пастки жағда) йўли тил остига очилган. Тил ости С. б. нинг йўли жағ ости С. б. билан қўшилиб кетган. Сўлак безларининг секрети (сўлак) овқат ҳазм қилишнинг дастлабки босқичида қатнашади. Одамда С. б. касалликларидан сўлак тоши касаллиги, эпидемик паротит ва бошқа(лар) учрайди.
[addtoany]