Стенокардия

Стенокардия [юн. stenos – тор, қисқа ва kardia – юрак], юрак қисиши – юрак ишемик касаллигининг кенг тарқалган шакли; кўкрак соҳасида тўсатдан пайдо бўладиган гижимловчи оғриқ стенокардиянинг асосий белгисидир. Стенокардияда оғриқ тўш орқасида бўлиб, кўпинча, тўш суягидан чапроқда – юрак соҳасида ҳам сезилиши мумкин. Тўсатдан тутган оғриқ бир неча мин. дан ярим соатгача давом этиб, чап қўлга, куракка, елка ва бўйнига, баъзан эса ўнг томонга, орқага, ўнг қўлга тарқалиши мумкин. Кўпинча, оғриқ хуружи ўлим ваҳимаси билан кечади.

Стенокардия хуружига атеросклерозда юрак тож томирларининг торайиши ва қисилиши (спазми) оқибатида юрак мушакларининг қон билан етарли таъминланмаслиги сабаб бўлади. Бу аввал нисбий характерда бўлиб, фақат жисмоний машғулот пайтида (юрак мушакларининг озиқ моддалар ва кислородга эҳтиёжи ошганда) кузатилади. Зўриқиш стенокардияси деб аталадиган бу ҳолатда оғриқ хуружи, кўпинча, тез юрганда, баландликка кўтарилганда юз беради ва, одатда, бемор ҳаракатдан тўхтаганда ўтиб кетади. Ҳаракат давом эттирилса, оғриқ қайта пайдо бўлиши мумкин ва бемор ҳар 100-200 қаламдан кейин тўхташга мажбур бўлади. Айрим ҳолларда зўриқиш стенокардияси ҳаяжонланганда, шунингдек, чекканда, спиртли ичимликлар ичганда, тўйиб овқатланганда юз бериши мумкин. Кейинчалик касаллик зўрайиши натижасида оғриқ хуружлари организмнинг тинч ҳолатида (тинч ҳолатдаги стенокардия) ҳам пайдо бўлади. Тинч ҳолатдаги стенокардия, кўпинча, кечаси, одам ухлаб ётганда рўй беради. Стенокардия хуружи 1-2 мин. давом этиб, нитроглицерин шимилганда ўтиб кетади. Айрим ҳолларда стенокардиянинг оғир хуружи ярим соатдан кўпроқ давом этиб, нитроглицерин фойда бермаслиги ва миокард инфаркт кузатилиши мумкин.

Кўкрак кафасининг чап томонидаги ҳар қандай оғриқ С. га хос бўлавермайди. Невроз, юрак нуқсонлари, умуртқа поғонасининг бйин-кўкрак бўлими касалликлари ва ҳ. к. да ҳам С. дагидек оғриқ бўлиши мумкин. Шу боис кўкрак соҳасидаги оғриқ билан кечадиган касалликларга фақат врач текширгандан кейингина ташхис қўйилиши керак.

Стенокардия хуружининг олдини олиш мақсадида жисмоний ҳаракат қилмаслик (масалан, тез ичмаслик, баландликка кўтарилмаслик, ҳаяжонлатирувчи манзараларга қарамаслик ва бошқа(лар)), асабий толиқтирмаслик лозим, бутунлай ётиб олмаслик ҳам керак; оз-оздан жисмоний меҳнат қилиш, оғриқ бўлмаса, кўпроқ шуғулланиш мумкин. Даво физкультураси беморнинг умумий ҳолатини яхшилайди. Овқатни оз миқдорда, лекин дам-бадам еб туриш керак (яна қ. Юрак-томир тизими).

[addtoany]