Сунъий нафас олдириш

Сунъий нафас олдириш – сунъий йўл билан (махсус усуллар ёки аппаратлар ёрдамида) ўпкага ҳаво киритиш ва чиқариш, бошқача қилиб айтганда ўпканинг ҳаво алмаштириш фаолиятини тиклаш. Мустақил нафас олиш тўтаганда ёки бузилганда (нафас йўлларига ёт жисмлар тушганда, ис текканда, ток урганда, киши сувга чўкканда ва бошқа(лар) ҳолларда) қўлланади.

Сунъий нафас олдириш экспиратор усуллар, қўл аппаратлари – респираторлар ҳамда автоматик респирторлар ёрдамида амалга оширилади.

Экспиратор усуллар аппаратсиз («оғиздан оғизга», «оғиздан бурунга», «оғиздан оғизга ва бурунга») ҳамда аппаратли усулларга бўлинади; аппаратли усулларда жабрланувчи ҳар хил нафас олиб-чикариш найчалари, ҳаво ўтказгичлар, оғиз-бурун ниқоблари ва бошқа(лар)дан фойдаланади. Сильвестр-Брош усули ҳам қўл билан бажариладиган, яъни аппаратсиз усулга киради. Экспиратор усуллар, шунингдек, қўл аппаратлари – респираторлар жабрланувчи касалхонага ёткизилгунча кўрсатиладиган шошилинч тиббий ёрдамда, кўпинча, стационар шароитида ҳам кенг қўлланади. Улар ҳар хил тузилишдаги иккита бир-бирига тугаш мослама – шланг орқали ёки бевосита бирлаштириган нафас халтаси ёки меши ва нафас никобдан иборат.

Автоматик респираторлар жуда кўп сонли ҳар хил ихчам ва стационар, жумладан, нафас билан боғлиқ ҳолатларни компьютер орқали бошқарадиган, нафасга олинадиган ва чиқариладган ҳаво аралашмаларини, жабрланувчи қонининг газ таркибини назорат қилиб турадиган ва бошқа(лар) мосламалардан иборат. Қандайлигидан қатьи назар, ҳамма автоматик респираторлар умумий тузилишга эга. Буларга 1) кислороднинг берилиш тезлигини тартибга солиб турадиган мосламаси бор кислород манбаи (кислородни баллон, марказлаштирилган кислород газли магистраль, кислород концентратори); 2) кислородни атрофдаги ҳаво ва зарур бўлганда махсус газли аралашма билан аралаштириб берадиган аралаштиргич; 3) ҳаво пуфлаш параметрларини бошқариш механизмлари билан мешни ҳаво ёки газли аралашмага тўлдириш мосламаси; 4) нафас никоби, бириктирувчи найча, карбонат ангидрид ва анестетикларни контурнинг тескари қисмидаги ютгичдан иборат «нафас контури» мосламаси киради.

Ўзига хос автоматик респиратор ҳам мавжуд. Ундан инжекцион принципда ҳаво юбришда фойдаланилади; трахеотомик ёки трхеостомик найча орқали трахеяга инжектор киритилади ва у орқали трахеяга 1-3 атм босим остида тўхтовсиз кислород – газли аралашма юборилади. Бунда ҳаво билан чиқаётган аралашма ўпкадан инжектор ёнидан тўхтовсиз чиқиб кетади.

Клиника амалиётида сунъий нафас олдириш қуйидаги ҳолларда қўлланади: фалокат, ҳалокат, бахтсиз ҳодисалар, оғир шикастланишларда ҳодиса содир бўлган жойда, касалхонага олиб кетилётган вақтда ва касалхона шароитида; аҳволи оғир ва ҳаёти хавф остида турган беморларда жадал муолажа компоненти сифатида. Бундай беморларда мустақил нафас олишнинг энергетик «баҳоси» организм учун жуда юқори бўлади ва мустақил нафас олишни тўхтатиб, аппарат ёрдамида ёрдамчи ёки тўлиқ сунъий нафас олишга ўтиш ўпкада ҳаво алмашиниш фаолиятининг алмаштирилиши ҳисобига организм аҳволини енгиллаштиради. Бу «режа асосидаги сунъий нафас олдириш» дир; «интубацион наркоз» билан катта операциялар ўтказилганда дорилар билан беморни беҳуш килибгина қолмай, интубацион найча орқали мустақил нафас олиш ҳам тўхтатилади. Скелет мушаклари фаолиятини тўхтатиш миоплегия ёки миорелаксация деб аталади, бундай вазиятларда хирургнинг керакли соҳада, масалан, қорин бўшлиғида операция қилишини енгиллаштириш мақсадида нафас олишни тўхтатибгина қолмай, мушаклар ҳам тўлиқ бўшаштирилади. Бинобарин, фақат интубацион умумий наркоз жорий қилинишининг ўзи кўкрак хирургиясининг жадал ривожланишига, яъни кўкрак бўшлиғи аъзоларида бемалол операциялар ўтказишга имкон берди. Бундай операцияларда нафас олишда, асосан, ўпканинг бир бўлаги, операция қилинадиган томондаги бўлаги эса озгина катнашишини таъминлайдиган махсус мосламалар ва усуллар қўлланади; нерв тизимининг баъзи касалликларида, яъни диафрагмал нерв фаолияти тўхтганда ва бемор мустақил нафас ололмаганда бир неча ҳафта, ойлаб ва ҳатто йиллаб сунъий нафас олдириш усулини қўллашга тўғри келади.

Юқоридаги ҳолларда сунъий нафас олдиришда ўтказиладиган тадбирлар, қўлланадиган усуллар респиратор терапия деб аталади. Бу физиология ва тиббиётнинг эмас, балки энг замонавий техника ва технологиянинг ҳам ютуғи бўлиб, тиббиёт фани ва амалиётида энг илғор усул ҳисобланади.

[addtoany]