Шок

Шок [франц. choc – зарба] – одам ҳаётига хавф туширувчи ҳолат; ҳаддан ташқари кучли таъсиротлар натижасида нерв, эндокрин, қон айланиши, нафас тизимлари фаолиятининг ҳамда моддалар алмашинувининг бузилиши билан ифодаланади. Кўпинча, шикастланиш, куйиш, операция оқибатида, номос қон қўйилганда, миокард инфарктида, юрак фаолияти бузилганда ва бошқа(лар) туфайли рўй беради. Шок бошланишида бемор безовталанади, ранги оқаради, қарашлари бежо, фикрлари чалкаш, баъзан ўзининг оғир аҳволини ҳис этмайди, гоҳида безовталаниш кучайиб, ўрнидан сапчиб туриб кетади (уни тутиб қолиш қийин бўлади). Кейинчалик эс-ҳуши жойида бўлса ҳам, умумий аҳволи ёмонлашиб, атроф-муҳитга бутунлай бефарқ бўлиб қолади. Оғриқни сал-пал сезади ёки мутлақо сезмайди, ранги оқариб, тана ҳ-рти пасаяди, териси муздек бўлиб, ёпишқоқ тер билан қопланади, нафаси тезлашади, ташна бўлади, баъзан қайт қилади. Киши куйганда шок, айниқса, оғир кечади. Шокни келтириб чиқарган сабабига кўра травматик, анафилактик, кардиген, эмоционал, гемотрансфузион ва бошқа(лар) хиллари фарқ қилинади.

Травматик шок шикастлангандан кейин рўй бериб, шикастланган кишининг аҳволи жуда оғир бўлади.

Шокнинг олдини олиш учун иложи борича зудлик билан тез ёрдам чақириш, врач келгунча беморга биринчи ёрдам кўрсатиш, яъни шикастланишга сабаб бўлган омиллар (масалан, ёнаётган кийим-бошни ўчириш, қулаган жой остида қолиб кетган кишиларни олиб чиқиш ва бошқа(лар))ни бартараф этиш, қон оқишини тўхтатиш, қўл, оёқ шикастланганда уларни вақтинча тахтакачлаб кимирлатмай қўйиш (қ. Суяк синиши, Суяк чиқиши), оғиз бўшлиғини ивиган қондан тозалаш ва сунъий нафас олдириш лозим. Шикастланган кишига тегишли ёрдам кўрсатган уни дарҳол эҳтиёткорлик билан касалхонага олиб бориш керак.

Анафилактик шок – моддаларга, жумладан, организмга мос келмайдиган дориларга нисбатан бўладиган аллергик реакциянинг энг оғир кўринишларидан (қ. Аллергия). Пенициллин, стрептомицин, маҳаллий оғриқни қолдирувчи воситалар, коқшолга қарши ва бошқа(лар) зардолар ҳамда вакциналар ҳам анафилактик шокга сабаб бўлади. Анафилактик шок белгилари уни келтириб чиқарган моддага боғлик бўлмаган ҳолда бир хил – кўнгил айниши, қусиш, қон босимининг тўсатдан пасайиб кетиши, нафаснинг тез ва юзаки бўлиши, баъзан ҳушдан кетиш ва бошқа(лар) Кўпинча, терига тошма (эшакем) тошади, гоҳо дори юборилган жойда шиш пайдо бўлади. Баъзида товуш бойламлари шишиб, бемор бўғилиб қолиши мумкин.

Анафилактик шок белгилари пайдо бўлганда то врач етиб келгунча беморни ёнбоши билан ётқизиб, оёқларини бироз кўтариб қўйиш (бу нафас йўлларидан бемалол ҳаво ўтишини таъминлайди), лозим бўлса, сунъий нафас олдириш керак. Анафилактик шокнинг олдини олиш учун фақат врач тавсия этган дорилардан фойдаланиш зарур.

Кардиоген шок – миокард инфарктининг энг оғир асоратларидан бири, юрак соҳасида қаттиқ оғриқ пайдо бўлганда кузатилади. Кардиоген шокда бемор ҳаддан ташқари дармонсиланади, ранги оқариб, лаби кўкаради, қўл-оёғи музлайди, ёпишқоқ совуқ тер чиқади ва, кўпинча, ҳушдан кетади. Бундай шок вақтида тез тиббий ёрдам етиб келгунча беморни қимирламай ётқизиб қўйиш ва ором бериш лозим (қ. Миокард инфаркти).

Эмоционал шок кучли ҳаяжонланиш, асаб ва руҳий зўриқишларда кузатилади. Кўпинча, беморнинг хулк-атвори ўзгаради, у безоталаниб кичқиради, йиғлайди, баъзан ўзига жароҳат етказади, яқинлари, қариндошлари, қўшнилари ва нотаниш одамларга нисбатан ёвуз муносабатда бўлади. Баъзи беморлар ёмон эшитадиган, банги қиёфасига кирган ва ташқи дунёни қийинлик билан қабул қиладиган одамларни эслатади. Бошқа беморларда онг билан бирга сезувчанлик (воқеликни қабул қилиш) нинг бузилиши ҳамда ҳадиксираш ва қўрқит каби эмоционал ҳолатлар кузатилади. Беморнинг кўринишида ўзини йўқотиб қўйганлик аломатлари намоён бўлади, у теварак-атрофга, қаршисидаги одамларга қўрқув ва хавотир билан қарайдиган бўлиб қолади. Баъзан эмоционал шок истерия билан тугайди (бемор тўлғаниб, тавасаланиб бошини ўра бошлайди, ғайритабиий ҳолатда туриб қолади). Шу боис бемор олдига ортиқча одам қўймаслик, шикаст етказиши мумкин бўлган жисмларни ундан бекитиб қўйиш ва у билан яхши муносабатда бўлиш керак. Жиддий руҳий ўзгаришларга дучор бўлган беморлар касалхонада даволанади.

Гемотрансфузион шок беморга қон гуруҳи тўғри келмайдиган қон қўйилганда рўй беради. Шу боис беморга фақат шифокор кўрсатмаси бўйича қон қуйиш талаб этилади. Шокнинг барча турларида дарҳол шифокорга мурожаат этиш керак.

[addtoany]