Тиббиёт деонтологияси – тиббиёт ходимларининг касбга алоқадор этикаси, дори-дармон, умуман давонинг таъсирини оширишга қаратилган хулқ-атвор таомиллри. Деонтология, яъни кишининг хулқи, одби ҳақидаги тушунча 16-а. нинг бошларида инглиз файласуфи ва иқтисодчиси И. Бентам томонидан таомилга киритилган. Тиббиёт деонтологиясига оид маълумотлар узоқ тарихга эга. Аслида, Т. д. кенг фалсафий мазмунга эга бўлиб, бир қанча йўналишлардан иборат: шифокор билан бемор ўртасидаги; шифокор билан беморнинг яқин кишилари ўртасидаги муносабат; шифокорнинг ҳамкасблари билан муносабати ва ҳ. к.
Тиббиёт деонтологиясига шифокорнинг сир сақлаши, беморнинг ҳаёти ва соғлиғи учун тиббиёт ходимининг жавобгарлиги, тиббиёт ходимларининг ўзаро муносабати масалалари ва бошқа(лар) киради. Тиббиёт деонтологиясига мувофиқ, тиббиёт ходими беморга катта эътибор бериши, унинг соғлигини тиклаш ёки азобини енгиллатиш учун бутун билимини сарфлаши, беморга унинг соғлиғи ҳақидаги фақат фойда келтира оладиган маълумотларни айтиши (қ. Психотерапия), беморнинг шифокор билан сирдош бўлишига эришуви зарур. Беморнинг касаллиги ҳақида унинг иштирокида ҳамкасблари билан сўзлашиши ярамайди.
Тиббиёт деонтологиясининг тиббиёт амалиётида тўғри жорий қилиниши, шифокорнинг онги, савияси, маданияти, дунёқараши, билим ва қайси жамиятда яшаётганлиги билан чамбарчас боғлиқ. Кишилик жамиятининг турли даврларида деонтологик муносабатлар турлича кечган, у замон талабига мос равишда ўзгариб борган.
Тиббиёт деонтологияси тиббиёт ходимларидан юксак инсоний фазилатлар, софдиллик, зийраклик, одамийлик ва бошқа(лар)га эга бўлишни тақозо этади. Тиббиёт деонтологияси халқаро кодексини Халқаро врачлар жамияти тасдиқлаган (1949, Женева). Ўзбекистон Республикасида тиббиёт ин-тини битирувчилар «Ўзбекистон шифокори»нинг қасамёдини қабул қиладилар (1996 й. дан).
[addtoany]