Тонзиллит [лот. tonsilla – муртак безлари] – муртакнинг яллиғланиши. Ўткир (қ. Ангина) ва сурункали тонзиллит фарқ қилинади. Сурункали тонзиллитга тез-тез ангина билан оғриш, шунингдек, бурундан қийналиб нафас олиш, бурун ёндош бўшлиқларининг яллиғланиши, чириган тишлар (қ. Тиш чириши) сабаб бўлади. Бемор томонга бирор нарса кадалгандек сезади, томоғи оғрийди, ачишади, баъзан оғриқ қулоққа ўтади. Сурункали тонзиллитда иситма (37,3-37,5° гача) узоқ (ҳафталаб, ҳатто ойлаб) давом этиши, шу билан бирга, бемор ланж бўлиб, боши оғриши, иш қобилияти пасайиши мумкин. Тонзиллитни фақат мутахассис шифокор даволайди: дезинфекцияловчи эритмалар билан томоқ чайилади, муртак каналлари ювилади, сўнг йодглицерин аралашмаси суртилади ва физотерапевтик муолажалар буюрилади. Сурункали Т. тез-тез қўзиб туради. Касалликдан юрак ва буйрак фаолиятларининг бузилиши ҳамда бўғимларда оғриқ пайдо бўлиши каби асоратлар қолиши мумкин. Бундай асоратлар юз бермаслиги учун лозим бўлганда операциялар қилиб, муртаклар олиб ташланади.
[addtoany]