Трихоцефалёз [юн. trichos – қил, соч ва kephale – бош] – килбош гижжалар қўзғатадиган юқумли касаллик. Гижжалар, асосан, йўғон ичакда паразитлик қилади. Қилбош гижжа одам ичагида йиллаб (5 й. гача) яшаши мумкин. Урғочи гижжа қўйган тухум ташқи муҳитга нажас орқали тушади. Гижжа тухуми ташқи муҳитда 2 ҳафтада етилиб, личинкага айланади. Личинкалар соғлом одамга сабзавот, мева ва сув орқали ўтади. Улар одам ичагида 30-35 кунда ётилади. Касалликнинг асосий манбаи бемор ҳисобланади. Кўпинча, у касаллик бошланишида ҳеч қандай аломатлар сезмаслик мумкин. Баъзан иштаҳа пасайиши, бош оғриши, бош айланиши, ич кетиши каби аломатлар пайдо бўлади. Трихоцефалёзни аниқлашда бемор нажаси текширилади. Бемор фақат касалхонада даволанади. Касаллик таркалишида аҳоли яшайдиган уй-жой атрофининг одам ахлати билан ифлосланиши катта хавф туширади. Одам нажасининг сув ва тупроққа тушишига йўл қўймаслик, шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш, овқатланиш олдидан қўлни ювиш, мева ва сабзавотларни қайнаган сувда ювиб истеъмол қилиш, сувни қайнатиб ичиш ва бошқа(лар) касалликнинг олдини олишдаги муҳим чоралардир.
[addtoany]