Вегетарианлик [лот. vegetabilis – ўсиликка оид] – овқатланиш тарзи; гўштни чеклаб, асосан, мева ва сабзавотларни тановул қилиш. Шу зайлда овқатланувчилар вегетарианлар дейилади. Вегетарианлик жуда қадимдан маълум. Гўшт маҳсулотлари истеъмол қилишни чегаралаш даражасига кўра вегетарианлар бир неча тофага бўлинади. Уларнинг энг ашаддийлари ёки «кекса вегетарианлар» ҳар қандай гўшт маҳсулотлари, шунингдек, сут, тухум ва ёғларни инкор этишади. «Ёш вегетарианлар» эса ўсимлик маҳсулотларидан ташқари сут, тухум ва сариёғ истеъмол қилишади. Улар гўшт организмни заҳарли чиқиндиларга тўлдирувчи, умрни қисқартирувчи ва инсонни баджаҳл қилувчи маҳсулот деб ҳисобланади. Аксинча, гўштни истеъмол қилувчилар эса уни қимматли оқсиллар манбаи ҳамда тўла ҳазмли деб таъкилайдилар. Овқатланиш тўғрисидаги Ҳоз. замон фани (диетология) овқат моддаларини ҳам ҳайвон, хам ўсимлик маҳсулотларидан иборат, яъни аралаш бўлиши мақбул деб ҳисоблайди (қ. Овқатланиш).
Мева ва сабзавотларни пишириш ва узоқ муддат сақлаш жараёнида витаминларнинг камайиб кетиши туфайли вегетарианлар уларни янгилигида хомлигича ейишни тавсия қилишади. Замонавий тиббиёт фани амалиётда гўштсиз ҳам, ўсимлик маҳсулотлари асосида сут ва тухум қўшиб тайёрланган озиқ-овқатлардан парҳез таом сифатида фойдаланишни афзал ҳисоблайди. Баъзи хасталиклар – моддалар алмашинувининг бузилиши (масалан, подагра), юрак-томир касалликларини даволашда маълум муддатга вегетариан овқатлар тавсия этилади.
[addtoany]