Венерик касалликлар, таносил касалликлари, зуҳровий касалликлар – жинсий йўл билан юқадиган захм, сўзак, юмшоқ шанкр, трихомоноз, микоплазмоз, хламидиоз, чов лимфогранулематози, жинсий аъзолар соҳаси учуғи, шунингдек, орттирилган иммун танқислиги синдроми (ОИТС)нинг умумий номи. Б. к. жуда қадимдан маълум. Гиппократ, Цельс, Гален ва бошқа(лар) асарларида ҳам Б. к. ҳақида маълумотлар бор. Кам ривожланган мамлакатларда аҳолининг оғир аҳволда яшаши, ишсизлик, баъзи аёлларнинг ҳеч қаерда ишламай фоҳишалик билан шуғулланиши, Эркакларнинг моддий қийинчилик туфайли дуч келган аёллар билан жинсий алоқада бўлиши, алкоголизм, гиёҳвандлик ва бошқа(лар) Б. к. нинг тарқалиши ва кўпайишига замин яратади. Б. к. (айниқса, захм, сўзак ва хламидиоз) кенг тарқалиши мумкин. Улар кишилар соғлиғига путур етказишдан ташқари, жамият учун ҳам хавфлидир. Б. к. вақтида даволанмаса ёки нотўғри даволанса, касаллик сурункали тус олиб, бемор узоқ вақтгача иш қобилиятини йўқотади, кўпинча, ногирон бўлиб қолади. Сўзак бўлган эркак ёки аёл узил-кесил даволанмаса, жинсий заиф, умрбод бепушт бўлиб қолиши мумкин. Б. к. билан оғриган беморларнинг ички аъзолари ва марказий нерв тизими издан чиқади. Захм бўлган аёл ҳомиладор бўлиб, ўз вақтида даволанмаса, бола ё ўлик ёки захм билан касалланиб, майиб-мажруҳ бўлиб туғилади (туғма захм). Б. к. билан оғриган бемор ўз вақтида тери-таносил касалликлари диспансерига мурожаат қилиб, мутахассис шифокор кўрсатмаси бўйича даволанса, албатта, тузалиб кетиши мумкин. Саёқ юриш, ичкилика ружу қилиш, тасодифий жинсий алоқаларга йўл қўйиш Б. к. нинг кўпайишига сабаб бўлади.
УзР да Б. к. га қарши курашиш учун махсус диспансерлар ва бошқа(лар) даволаш-профилактика муассасалари мавжуд. Улар касалликни юқгиганларни қидириб топиб, даволанишга мажбур қиладилар, бу билан Б. к. нинг бошқаларга юқиш хавфининг олди олинади. Б. к. нинг олдини олишда ҳомиладор аёллар, болалар муассасалари, озиқ-овқат соҳаси ходимларининг белгиланган муддатда шифокор кўригидан ўтиб туришлари муҳим. Аҳоли орасида Б. к. нинг ёмон оқибатлари, унинг олдини олиш ва даволатиш зарурлиги тўғрисида тушунтириш ишларини олиб бориш зарур. Бемор ўзида венерик касаллик борлигини била туриб бошқалар билан жинсий алоқа қилиб, касалликни юқгирса УзР жиноят қонунлари кодексига мувофиқ жиноий жавобгарликка тортилади.
[addtoany]