Тирноқ

Тирноқ, чангал – бармоқлари! ҳимоя қилувчи шохсимон тузилма. Одам, маймун ва чала маймунлар бармоқлари учида ҳосил бўлади. Тирноқ бармоқ болиши устидан чиққан эркин қисм, тана ва илдиздан иборат. Тирноқ ўрнининг илдиз ва чуқурча билан қопланган қисми матрица дейилади, шу матрица ҳужайраларининг кўпайиши туфайли Т. учига қараб аста-секин ўсиб боради. Тирноқ бир кеча-кундузда ўрта ҳисобда 0,1 -0,2 мм ўсади; тахм. 100 кунда тўлиқ янгиланади. Тирноқ ўсиши кишининг ёши, жинси, организмнинг умумий ҳолати ва бошқа(лар) омилларга боғлиқ, масалан, болалар тирноғи катгаларникига нисбатан тезроқ ёки қишда ёздагидан секинроқ ўсади. Тирноқ ўз. 10-15 мм, эни 10-17 мм, қалинлиги 0,30-0,37 мм, аёлларда кичикроқ ва юпкароқ бўлади. Соғлом кишининг тирноғи бироз бўртиб чиққан, силлиқ, тиниқ ва рангсиздир.

Сувда ва қуруқликда яшовчилар тирноғи эпидермис шохсимон қаватининг қалинлашвидан ҳосил бўлади. Чин Т. кўпчилик судралиб юрувчиларга, барча қушларга ва талайгина сут эмизувчиларга хос. Тирноқ ҳаракатланишда ёрдам беради, шунингдек, ҳимоя ва ҳужум аъзосидир. Айрим сут эмизувчилар (масалан, отлар)да кўриниши ўзгарган Т. – туёқ бор.

Тирноқ касалликларига кислота, ишқор таъсири, шикастланиш, инфекция (бактерия, замбуруғлар) ва бошқа(лар) сабаб бўлади. Онихия ва Т. ни ўраб турган тўқиманинг яллиғланиши – парнихия кўпроқ учрайди. Паронихия Т. атрофида пайдо бўлган «сочиқлар, моддалар алмашинуви касалликлари, масалан, қандли диабет, шикастланишлар оқибатида келиб чиқади. Турли касалликларда Т. нинг ранги ўзгариб, мўрт, уваланувчан бўлиб қолади. Трихофития, микроспория, эпидермофития, кандидоз, кал замбуруғлари Т. нинг замбуруғ касалликларини вужудга келтириши мумкин. Сурункали инфекцион касалликлар – сил, мохов; тери касалликлари – псориаз, экзема, нафас йўли (бронхоэктазия), юрак-томир, ички секреция ва нерв тизими касалликларида ҳам Т. да ўзгаришлар кузатилади. Пойабзал тор бўлиб, оёқ бармоқларини қисиши, Т. ларнинг зарбдан шикастланиши оқибатида Т. ичга ўсади, бунда Т. болиши яллиғланади. Тирноқда ўзгаришлар рўй берганда мутахассис шифокорга учрашиш лозим.