Хирургия маркази

Хирургия маркази, В. В. Воҳидов номидаги ихтисослаштирилган жарроҳлик илмий маркази – Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш Вазирлигига қарашли илмий текшириш ва даволаш муассасаси. 1975 й. Бутуниттифоқ клиник ва экспериментал хирургия илмий текшириш институтининг Тошкент филиали сифатида ташкил этилган. 1991 й. дан ҳоз. номи билан фаолият кўрсатади. Марказ илмий ва амалий фаолиятининг асосий йўналишлари кўкрак қафаси ва қорин бўшлиғи аъзоларида бошқа ўхшашлиги бўлмаган, ўзига хос жарроҳлик амалиётларини ўтказади, буларга, биринчи навбатда, ҳаёт учун муҳим аъзолар, юрак нуқсонлари, йирик қон Томирлар, ўпка, жигар ва меъда ости бези реконструктив-тиклаш жарроҳлик ва бошқа(лар) киради. X. м. нинг вазифаси Ўзбекистонда жарроҳлик муаммоси билан боғлик масалаларга раҳбарлик қилиш ва бошқариш, республикада хирургия хизматини ташкил этиш; юқори малакали ихтисослашган илмий ва амалий хирург мутахассислар тайёрлаш ва бошқа(лар)дан иборат. Марказда 12 клиник бўлим: жигар-ўт йўллари ва портал гипертензия жарроҳлиги, лазер ва меъда-ичак жарроҳлик, юрак-кон томир жарроҳлиги, кўкрак қафаси жарроҳлиги, реконструтив-пластик жарроҳлик, рентген-эндоваскуляр жарроҳлик ва интервенцион радиология, шунингдек, патоморфология ва лазер терапияси, анестезиология ва реаниматология, микробиология ва клиник биокимё, экспериментал жарроҳлик каби фундаментал ва амалий бўлимлар, 370 ўринли клиник касалхона ва поликлиника ишлаб турибди. X. м. да 180 дан зиёд илмий ходим, жумладан, 9 проф., 23 фан д-ри, 64 фан номзоди, 84 нафар олий маълумотли жарроҳ фаолият кўрсатиб келмоқда (2015). Марказда д-рлик ва номзодлик диссертациялари ҳимояси бўйича махсус илмий кенгаш фаолият кўрсатади. Марказ олимлари кўпгина йирик илмий анжуманларда қатнашиб келади. X. м. илмий тўплам, монография, дарслик ва турли қўлланмалар чоп этади, ихтиролар қилади. Марказ базасида Тошкент тиббиёт академиясининг гопитал хирургия, магистратура ҳамда Тошкент врачлар малакасини ошириш ин-ти 1-хирургия кафедраси бор.

[addtoany]