Ётоқ яра – кўпинча, дармонсиз, оғир хасталик оқибатида узоқ вақт кўрпа-тўшак қилиб ётиб қолган беморларда тананинг суяк бўртиб чиққан жойлари (думғаза, тирсак, товон, калланинг энса қисмига пайдо бўладиган яра. Асосан, бўртиб чиққан суяклар тери ости ёғ қатламининг юқалиги ва терининг доимо босилиб, маҳаллий қон айланишининг бузилиши сабаб бўлади. Бунда юмшоқ тўқималар ирийди. Узоқ, вақт битмайдиган чуқур ётоқ яра орқа мия шикастланганда, шунингдек, орқа миянинг сиқилиб қолиши билан кечадиган касалликларда; йирик нервлар, масалан, қуймич нерви зарарланганда эса товонда ҳосил бўлади. Витамин етишмовчилигида, моддалар алмашинуви бузилганда ётоқ яранинг пайдо бўлиш хавфи кўпаяди. Юрак-томир тизими етишмовчилигига чалиниб, тинкамадори қуриган беморларда ётоқ яра тез – бир кун ичида ҳосил бўлиши мумкин. Бундай яраларда юқумли касалликлар (тошмали терлама, ич терлама ва бошқалар) зўрайиб кетади. Шиллиқ қаватни ёт жисмлар қисиб қўйганида ҳам ётоқ яра пайдо бўлиши эҳтимоли бор. Беморни нотекис тўшакка ётқизиш, чойшабнинг ифлосланиб, йиғилиб қолиши, ич кийимнинг чоклари ва бурмалари қалин бўлиши, ўринга тўкилган овқат қолдиқлари, беморни палапартиш парвариш қилиш ётоқ яра ҳосил бўлишига олиб келади. Касаллик аста-секин ривожланганда аввалига чегараси ноаниқ кўкимтир-қизил соҳа кўзга ташланади, сўнгра эпидермис (терининг юза қавати) кўчиб туша бошлаб, пуфакчалар ҳосил бўлади (бу жараён бўлмаслиги ҳам мумкин). Ичкарига ва ён томонларга йирингли шиш тарқалиб, мушак, пай ва суяклар усти очилиб қолиб, некроз (тўқималарнинг ириши) рўй беради. Ётоқ ярадан сарамас, флегмона, сепсис, газли гангрена каби асоратлар қолиши мумкин.
Олдини олиш. Беморни тўғри парвариш қилиш ва ҳолатини мунтазам равишда ўзгартириб туриш (агар бунга монелик бўлмаса, миясига ‘қон қўйилмаган ва миокард инфаркт бўлмаган бўлса); уни чойшаб текис қилиб ёзилган махсус тўшакка ётқизиш ва ҳоказо. Ётоқ яра ҳосил бўлиши эҳтимоли бўлган жойларга, масалан, думғаза ва қуймич тагига чойшаб ўралган ёки жилд кийдирилган резина тувак, товон тагига ичига пахта солинган дока доиралар қўйилади; бемор қорни билан ётганда эса бундай доиралар тизза қопкоги, дўнглар ва ёнбош суяклари тагида бўлади. Баданнинг энг кўп ботадиган жойлари кунига 1-2 маҳал камфора спирти ёки бошқа спиртли эритмалар билан артиб турилади. Бунда енгил массаж (уқалаш) ҳам қилиб борилади (яна қ. Беморни парвариш қилиш). Асосан, ультрабинафша нурлар, антисептик воситалар, марганцовка (калий перманганат) ва ҳ. к. билан даволанилади. Ётоқ яра пайдо бўлганда беморнинг умумий аҳволини ҳисобга олган ҳолда дри-дармонни шифокор тайинлайди.
[addtoany]