Аритмия: белгилари, сабаблари, турлари ва даволаш усуллари.
Аритмия – юрак уришининг частотаси, ритми ва изчиллигининг бузилишидир. Нормада одамда юрак бир маромда уриб туради. Соғлом кишида фақатгина жисмоний ёки руҳий зўриқиш вақтида унинг уриш тезлиги ўзгаради. Бу ўзгаришнинг мақсади организмнинг қонга бўлган еҳтиёжини тўлароқ қондиришга интилишдир.
Mundarija
Аритмия қандай касаллик?
Юрак уриши ритмини организмнинг махсус марказлари томонидан бошқариб турилади. Бу марказларга юракда жойлашган бир неча муҳим тугунлар ва ўтказув йўллари киради. Бошқарув марказларидан юрак ўтказувчи йўллари бўйлаб импульслар юрак мушакларига, бир маромда бориб туради. Ўнг юрак бўлмасида жойлашган синусли тугунда дастлабки импулс пайдо бўлади. Шунинг учун ҳам бу тугунни, шифокорлар ритм етакчи деб аташади. У юрак тугунлари ичида енг муҳими. Сўнгра нормада, синусли тугундан чиққан электрик импульс атриовентрикуляр тугунга келади. Ундан эса Гис тутами бўйлаб бевосита юрак қоринчаларига бориб, уларни қисқартиради.
Юракни ўтказувчи тизими:
- чап юрак бўлмачаси.
- чап юрак қоринчаси.
- Гис тутами.
- Чап оёқча (Гис тутами).
- Ўнг оёқча (Гис тутами).
- ўнг юрак қоринчаси.
- атриовентрикуляр тугуни.
- ўнг юрак бўлмаси.
- синусли тугун.
- юқори ковак вена.
Бу нозик ва мураккаб тизимнинг турли сабабларга кўра ишдан чиқиши аритмия касаллигига олиб келади.
Тинч ҳолатларда катта ёшдаги соғлом одамларда юрак уришининг ўртача частотаси 1 дақиқада 60–90 та зарбга тенг. Юрак уришини бир пиёла аччиқ чой ичгандан кейин камида 30 дақиқа ўтгач ўлчаш лозим. Ўлчаш олдидан киши оёқ-қўлини ёзиб, 5 дақиқача дам олиши керак.
Аритмия касаллиги ривожланиш сабаблари
Аритмия пайдо бўлиш сабаблари турли-туман бўлиши мумкин улар қуйидагилар:
- юрак касалликлари миокардитлар, нуқсонлар, кардиомиопатиялар, инфаркт;
- электолит мувозанати бузилиши (қонда калий, кальций, магний миқдори ўзгариши);
- асаб тизимининг зўриқиши (невроз, стресс);
- қалқонсимон без фаолиятининг бузилиши (тиреотоксикоз, гипотиреоз);
- заҳарли моддалар (никотин, алкоголь), айрим дориларнинг ножўя таъсири.
Аритмия касаллиги аломатлари (симптомлари)
Аритмия ҳақида гапирадиган бўлсак унинг турли хиллари мавжуд. Юрак ритмининг тезлашуви тахикардия, секинлашуви эса брадикардия дейилади. Юрак зарбининг вақтидан олдин уриши экстрасистолия, тартибсиз уриши ҳилпилловчи аритмия деб номланади. Беморлар бундай ҳолатларда қуйидаги белгиларни ҳис этишлари мумкин:
- юракнинг тез-тез уриши;
- юрак атрофида ёқимсиз, бежо сезгилар;
- юрак атрофида кучли туртки ёки унинг тиниб қолиши;
- организмнинг умумий ҳолсизлиги;
- бош айланиши.
Аритмияларнинг айрим турлари сезиларли белгиларсиз кечади. Бу вазиятда касалликни фақат бемор пульсини текширилганда ёки электрокардиограммаси таҳлил қилинганда ошкор бўлади.
Аритмия турлари. Кўп учрайдиган кўринишлари
Синусли тахикардия – бу тинч ҳолатда дақиқасига 90–100 зарбдан ошиқ частотали тўғри юрак ритми. Соғлом одамларда у жисмоний ва ҳиссий зўриқиш пайтида юзага келади. Аксарият ҳолларда вегетотомир дистонияси (ВСД) билан бирга келади. Тахикардияда агар нафас тутилиб турилса сезиларли даражада юрак уриш ритми камаяди. Тахикардия тана ҳарорати ошганда тиреотоксикозда, миокардитларда, камқонлик оқибатида ривожланади. Пароксизмал тахикардия – бу аритмиянинг бир тури бўлиб дақиқасига 140–240 тага етадиган юрак уриши хуружлари билан характерланади. У тўсатдан бошланади ва ана шундай тўсатдан тугалланади. Бир неча сониядан тортиб бир неча кунгача давом этиши мумкин. Тахикардия хуружида беморда тер чиқиши, ҳарорат кўтарилиши, ҳолсизлик, алаҳсираш, юрак атрофида нохуш сезгилар кузатилади.
Брадикардия
Синусли брадикардия – бу юрак ритми дақиқасига 40–60 та зарбга тенг бўлган ҳолат. Аксарият соғлом, айниқса, жисмонан чиниққан шахсларда учрайди. Спортчилар кўп кузатилади, тинимсиз машқлар оқибатида юрак мушаклари баққуватлашади. Натижада бундай юрак нормадан секинроқ урса ҳам организмни қон билан таъминлаб бера олади. Ундан ташқари, брадикардия патологик жараёнлар натижаси ҳам бўлиши мумкин. Масалан миокард инфаркти, қалқонсимон без (гипотиреоз) фаолияти сусайиши, айрим вирусли касалликлар, заҳарланиш таъсири ва бошқалар. Вақти-вақти билан брадикардия юрак атрофида нохуш туйғуларни пайдо қилади.
Юрак блокадаси (қамали) – импульснинг юрак бўлмасидан юрак қоринчасига ўтишидаги бузилишдир. Дақиқасига 40 зарбдан камроқ частотали брадикардия билан характерланади. Блокадалар барқарор ва ўткинчи бўлиши мумкин. Миокардитлар, кардиосклероз, миокард инфаркти пайтида, айрим дорилар таъсири остида (юрак гликозидлари, бетаадреноблокаторлар, верапамил) юзага келади. Барқарор брадикардияда бош айланиши, ҳушдан кетиш ҳоллари кузатилиши мумкин.
Экстрасистолия
Экстрасистолия – юракнинг муддатидан олдин қисқариши, бунда юрак нотекис ураётгандек ёки урмай қолгандек бўлиб туюлади. Бу касаллик кўпроқ соғлом одамларда учрайди. Агар экстрасистолия сийрак (дақиқасига 5 тадан камроқ) бўлса ва бемор уни сезмаса, унда махсус муолажа талаб этилмайди. Борди-ю, экстрасистолия тезлашса, дақиқасига 6 ва ундан ҳам ошса. Бемор юраги нотекис ураётганини сезса, боши айланса, унда дарҳол шифокорга мурожаат қилиш зарур.
Хилпиллама аритмия – беқарор юрак ритми, дақиқасига 100 дан 150 зарбгача частота ва ўзига ҳос тебранма ритм билан ҳарактерланади. Юрак бўлмасининг тебраниши барқарор ёки хуружли бўлиши мумкин. Юракнинг митрал нуқсонларида, юракнинг ишемия касаллигида, тиреотоксикозда, алькоголизмда ва ҳоказоларда шундай ҳолатлар кузатилади. Тебранма аритмия беморга сезилмаслиги ёки юракнинг оддий уриши каби сезилиши мумкин. Баъзида қон томирларида тромблар ҳосил бўлиши қайд этилади.
Шифокорга қачон мурожаат қилиш керак?
Одамда аритмия аломатлари мавжуд бўлса, ташхисни аниқлаш ва муолажа ўтказиш учун шифокорга мурожаат қилиш лозим. Оғир аритмия ҳуружи пайтида зудлик билан “Тез ёрдам” чақириш мақсадга мувофиқдир. Ҳолбуки бу касалликни аниқлаш учун қийин диагностик муолажалар шарт эмас. Ташхис қуйиш учун аксарият ҳолларда ЭКГ ўтказишни ўзи кифоя қилади. ЭКГ ҳафвсиз, тез, аниқ ва арзон диагностик усул ҳисобланади.
Аритмияларнинг кўплаб турлари орасида, пароксизмал тахикардия, тебранма аритмия ва юрак блокадаси айниқса ҳавфли. Чунки ушбу касалликлар хуружлари пайтида бемор кўпинча тез ёрдамга муҳтож бўлади.
Аритмия касаллигига ташхис қўйиш
Текширишлар энг аввало аритмия ривожланишининг асосий сабабларини аниқлашга қаратилади. Бунда дастлаб миокард инфаркти, миокардит, кардиосклероз, тиреотоксикоз, электролит бузилишлар ва шу каби касалликларга синовлар ўтказилади. Кўпинча дастлаб ташхис тасодифан мажбурий умумий кўриклар пайтида қўйилади. Чунки аритмия узоқ вақт симптомларсиз кечиши мумкин. Лекин Юрак ритми бузилиши характери ва аритмия сабабини фақат электрокардиографик текшириш чоғида (ЭКГ), аниқлик билан белгилаш мумкин. Бу текширишларни шифокор-кардиолог тайинлайди.
- Жисмоний зўриқишли ЭКГ синовлари (велоэргометрия);
- ЭКГнинг кечаю-кундуз сутка давомида ёзиб олиши;
- Электрофизиологик текширув
- Электролит алмашинувини текшириш (қонда калий, кальций ва магний тўпланиши);
- Қалқонсимон без гармонларининг даражасини аниқлаш.
Аритмия касаллигини даволаш
Парҳез. Аритмия касалликлари учун махсус парҳез йўқ. Бироқ калийга бой картошка, узум, ўрик ва магнийга бой сули ва ёсмиқ ёрмаси, туршаклар, ёнғоқлар истеъмол қилиш тавсия этилади. Бу озиқ-овқатлар фойдаланиш юрак ритмига ижобий таъсир кўрсатиши мумкин.
Дори воситалари. Дори воситаларини шифокор кўрсатмасига кўра ва унинг назорати остида қабул қилиш лозим. Асаб тизими фаолиятининг бузилишлари билан намоён бўлган енгил аритмияни даволаш учун седатив воситалар, калий ва магний препаратларидан фойдаланиш мумкин.
Масалан қуйидаги дорилар:
Бу маълумотлар фақат танишиш учун. Шифокор кўрсатмасисиз дориларни қабул қилманг.
Седатив воситалар: Белласпон, Беллоид, Настойка ёки экстрат настойкаси, Корвалол, Новопассит, Персен, Арслонқуйруқ настойкаси ва ҳоказо.
Калий ва магний препаратлари: Аспааркам, Магнерот, Панангин.
Юрак ритми бузилишларининг оғирроқ шаклларида махсус антиаритмик воситалар қўлланади. Улар фақат шифокор буйруғи билан тайинланади ва ЭКГ кўрсаткичлари орқали доимий назорат қилиб турилади.
Юракнинг электрик стимуляцияси. Муолажанинг ушбу усули юрак автоматизми марказлари табиий сигналларнинг давомийлигига ва муайян амплитуданинг сунъий электрик импульслар билан алмашинувига асосланади. Булар юрак қисқаришлари частотасининг мўътадиллашувига имкон беради. Вақтинчалик электростимуляция учун қизилўнгач ёки эндокардиол электродлардан фойдаланилади, улар ташқарида жойлашган кардиостимулятордан юракка импульс олиб боради. Юрак ритми мўътадиллашгандан кейин кардиостимулятор ўчириб қўйилади ва зарурий аритмияга қарши дори воситалари буюрилади.
Кардиостимулятор
Юракнинг доимий электростимуляцияси учун кардиохирургик жарроҳлик иши – электрокардиостимулятор имплантацияси бажарилади. Стимулятор махсус кичик ускуна жарроҳлик йўли билан тери остидаги ёғ қатламига киритиб қуйилади. Кардиостимулятор батерейка, микропроцессор ва электродлардан ташкил топган. Усти зангламайдиган ноаллерген металл билан қопланган. Электродлари орқали юрак мушаклари билан боғланган. Унинг энергия захираси бир неча йилга мўлжалланган бўлади. Кейинчалик батерейкасини алмаштирса ҳам бўлади. У юрак ритмини ўзининг микропроцессори ёрдамида кузатиб туради. Зарур бўлса электродлари ёрдамида юракка ток жўнатиб уни ишини нормаллаштириб туради.
Аритмияда биринчи ёрдам
Аритмия хуружида биринчи навбатда тез ёрдам чақиринг. Тез ёрдам етиб келгунча беморнинг аҳволини бирмунча енгиллаштиришга ҳаракат қилинг. Бунинг учун қуйидагиларни бажаринг.
Аввало беморни тинчлантирш, тўшакка ётқизиш лозим. Тинчлантирувчи дори валериана настойкаси, арслонқуйруқ настойкаси, корвалол ва шунга ўхшаш воситалар бериш.
Айрим ҳолларда беморни чуқур нафас олдириш, нафасни ушлаб туриш. Бармоқлари билан бурунни қисиш ва кучаниб нафас чиқаришни, ўпкадаги ҳавони қисиб ушлаб туришни сўраш керак. Юзи қип-қизариб кетади, аммо бу хавфли эмас. Ана шундай бир неча кучанишлардан кейин юрак уриши хуружи кўпинча тўхтайди.
Аритмияда халқ табобати рецептлари
Лавлаги, сабзи ва шолғом сувлари аралашмасини 1:1:1 нисбатда юрак аритмияларининг ҳар қандай турида бир неча ой давомида ҳар куни ичиш фойдалидир.
Юрак қаттиқ ура бошлаганда анжир ейиш ёки лимон пўстини чайнаш жуда фойдали. Бешбаргли арслонқуйруқ сувини ароқ билан 1:1 нисбатда аралаштириб ичиш ҳам фойда беради.
Юрак қаттиқ урганда, тахикардия, аритмия ва неврозда овқат истеъмол қилиш олдидан кунига 3 мартадан 1 чой қошиқдан ичиш лозим.
Аритмия, юрак ишемик касаллиги, юракнинг тез-тез уриши, гипертония касаллигида қип-қизил дўлана мевалари ва асалари муми настойкаси билан аралаштирилиб, 1:1 нисбатда кунига 3 марта 25 томчидан ичилади.
Қалампир ялпиз – юрак ритми бузилганда, юрак мушаги ишининг узилиш ёки тўхтаб қолиш ҳолатларида истеъмол қилинадиган энг самарали воситалардан.
Ялпизнинг 1 чой қошиқ япроқлари 1 стакан қайноқ сувга солинади ва 1 соат иссиқ жойда сақланади. Докадан ўтказилади. Эрталаб нонуштадан ярим соат олдин оз-оздан ҳўплаб ичилади. Дамлама бир кун ҳам канда қилмай узоқ муддатгача ҳар куни ичилади.
1 ош қошиқ асални ярим стакан лавлаги сувига аралаштирилади ва кунда 3 маҳал овқатдан олдин ичилади. Оловда пиширилган картошка жуда фойдали. Уни бутунлигича олов қўрида ёки печда пиширилади.
Дўлана қайнатмасидан кунига 30–40 томчидан овқатланишдан олдин ичиш керак.
Аритмияда нуқтали массаж
Тезкор ёрдам
1. Нуқтанинг жойлашуви: кафтнинг қуйи қатламлари остида, бош бармоқ томонда, юрак уриши сезилиб турадиган жойдан 1,5 см чапроқда жойлашган. Таъсир этиш техникаси: бош бармоқ болишчаси билан чап қўлда жойлашган нуқтага 1–2 дақиқа ёки юрак уриши хуружи тингунча қаттиқ босиб турилади.
2. Нуқтанинг жойлашуви: аввалгисининг тескари томонида – кафтнинг юза қисмида, пайлар оралиғидаги чуқурликда, ўрта бурмалар, жимжилоқ томонда жойлашган. Таъсир қилиш усули: қўлингиз кафтини юқорига қилиб қўясиз, панжани тирсак томон букасиз, 3 дақиқа давомида ўнг ва чап қўлда навбатма-навбат уқалайсиз.
Ҳаракат вақтида юракнинг тез-тез уриши.
3. Нуқтанинг жойлашуви: жимжилоқ томондан тирсак букилиши атрофидаги чуқурликда жойлашган. Бу нуқтани уқалаш ҳаракат вақтидаги юрак тез-тез урганда, айниқса, фойдали. Таъсир қилиш усули: қўлни орқаси билан столга қўясиз; ўтирган ҳолда 3 дақиқа давомида ўнг ва чап қўл билан нуқтани навбатма-навбат уқалайсиз.
4. Нуқтанинг жойлашуви: бармоқларни букканда оёқ кафтининг ўртасида пайдо бўладиган чуқурликда жойлашган. Таъсир қилиш усули: ўтирган ҳолда ўнг ва чап оёқдаги нуқталарни 3–5 дақиқа давомида уқалайсиз.
Аритмия тез-тез хуруж қилганда
5. Нуқтанинг жойлашуви: болдирда, тизза кўзининг пастидан тўрт энли қуйироқда (оёқ чўзиқ турганида) ва катта илик суяк дўнглигидан бир энли юқорида жойлашган. Таъсир қилиш усули: бош бармоқ болишчаси билан нуқтани 2–3 дақиқа давомида ёки 300 мартача уқалайсиз. Аритмияни даволаш чоғида нуқтани эрман (шувоқ) сигараси, қалампир пластири, хантал билан қиздириш мумкин.
6. Нуқтанинг жойлашуви болдир мушагининг ичи ёнида, ички тўпиқдан 4 энли юқорида, катта илик суягининг орқасида жойлашган.
Таъсир қилиш усули: ўнг ва чап оёқ нуқталарини бир кунда икки маҳал ярим бир дақиқа давомида аста-аста босиб уқалайсиз.