Атеросклероз: белгилари, сабаблари, турлари ва даволаш усуллари
Атеросклероз – йирик ва ўрта артерияларнинг аорта, юрак, мия, қўл ва оёқлар томирларининг сурункали касаллигидир.
Mundarija
Атеросклероз қандай касаллик?
Ёш ўтган сари томирлар ички деворида патологик ўзгаришлар натижасида, ёғ моддалари тошма кўринишида тўпланиб боради. Ушбу атеросклеротик тошмаларда бириктирувчи тўқиманинг ўсиши ва кальций тузларининг тўпланиши ҳисобига артерия томирларининг тешиклари аста-секин торайиб боради. Оғир ҳолатларда бутунлай ёпилиб қолишигача етиб боради. Бу эса ўз навбатида касалланган артерия орқали қон билан таъминланувчи аъзо фаолиятини издан чиқаради. Бу жараён қўйидагича боради. Қон томирининг ички деворлари торайиши билан ундан маълум вақт ичида ўтадиган қон ҳажми ҳам қамайади. Ва ўз навбатида бу томир қон билан таъминлайдиган аъзо ҳам, қон орқали нормадан камроқ озиқ моддалар ва кислород ола бошлайди. Натижада аъзо ўз вазифасини тўлиқ бажара олмай қолади, озиқ моддалар етишмаслиги сабабли эса аста-секинлик билан, тўқималари ўлади ва емирилиб боради.
Бундан ташқари, артерия тешиги тромб билан яъни қуйуқлашиб қолган қон лахтаси билан бутунлай беркилиб қолиши ҳам мумкин. Бундай жараён тромбоз деб аталади. Тромбозда ушбу артерия озиқлантирадиган аъзода кескин равишда некроз (чириш) жараёни бошланиб кетади. Миокард инфаркти айнан шу касалликлар тоифасига киради.
Атеросклерозни ривожланиш сабаблари
Атеросклероз кўпинча 50–60 ёшдаги эркакларда ва 60 дан ошган аёлларда учрайди. Лекин касалликнинг анча олдин ривожланиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас, бунга гиперхолестеринемия сабаб бўлиши мумкин. Гиперхолестеринемия бу қонда ортиқча миқдорда холестерин моддасининг тўпланишидир. Ушбу модда керакли миқдорда организмда муҳим рол ўйнайди. Айнан ҳолестериндан жинсий гормонлар яратилади, ўт суюқлигини ҳам асоси бу моддадир. Яна Д витамини синтези ҳам унга боғлиқ. Ҳолестерин ҳайвон ёғларида кўп бўлади. Соғлом одам кўп миқдорда ҳайвон ёғларини истъемол қилса, одатда ортиқча ҳолестерин организмдан чиқариб юборилади. Бироқ айрим сабабларга кўра бу жараён организмни ортиқча зарарли моддалардан тозала олмай қолади. Бундай сабаблар хилма-хил, масалан наслий мойиллик, артериал гипертензия (юқори қон босими), гиподинамия (камҳаракатлик), қоннинг қуюқлашуви, қандли диабет ва ҳ.к. Чекиш ва семизлик ҳам бу касалликка олиб келади. Бундай натижасида қон томирлари ички юзасини ёғ босиб атеросклероз касаллиги ривожланади.
Атеросклероз белгилари (симптомлари)
Ташқи кўриниши – бемор ёшига қараганда кексароқ кўринади, вазни ортиб кетади.
Ксантомалар – холестериннинг терида сариқ доғ кўринишида (юнон. “ксантос”– сариқ дегани) тўпланиши. Одатда тирсак, қовоқларда пайдо бўлади. Ксантомлар умумий холестерини жуда юқори бўлган атеросклерозда наслий гиперхолестеринемияда учрайди.
Гиперхолестеринемия – қонда умумий холестерин миқдорининг 5,2 ммоль/л ёки 200 мг/дл (мг %) дан ортиши. Касалликнинг наслий шаклида бу кўрсаткич меъёрдан 4–5 баравар ортиб кетиши кузатилади.
Тананинг қайси аъзоси ёки қисми кўпроқ зарарланганлигига қараб атеросклероз сабаб бўлган турли касалликларни фарқлаш мумкин. Улар алоҳида ҳам, биргаликда ҳам учрайди.
Юрак артериялари, коронар артерия атеросклерози:
Тўш ёки юрак атрофида оғриқ пайдо бўлиб, чап қўлга ҳам ўтади;
Юрак нотекис уради, музлаб қолгандай бўлади, тез-тез ура бошлайди;
Жисмоний зўриқишларда нафас бўғилиши (қ. Аритмиялар, миокард инфаркти, Юракнинг ишемик касаллиги, Стенокардия).
Бош мия артериялари атеросклерози:
- Бош айланади;
- Хотира ёмонлашади;
- Бош оғрийди инсулт ривожланади.
Оёқ артериялари атеросклерози:
Артериялар уриши сусаяди ёки тиниб қолади (сон, тизза қопқоғининг ости, товон орқаси);
Болдир мушаклари зирқираб оғриши, юрганда оғриқ пайдо бўлиб, тинч ҳолатларда йўқолади;
Оёқ кафтида яралар пайдо бўлиши, касалликнинг сўнгги босқичларида.
Буйрак артерияларининг атеросклерози:
- Бош айланиши;
- Бош оғриғи, қон босими кўтарилиши ҳисобига.
- Умумий ҳолсизлик.
Юқорида тилга олинган хатар белгилари ва омиллари пайдо бўлганда, юрак қон-томир тизими ҳолатини текшириш учун шифокорга мурожаат қилиш зарур.
Атеросклероз ташхиси, диагностика
Муайян касалликка боғлиқ одатдаги умумий тиббий кўрик ва таҳлиллар тайинлашдан ташқари, ташхис қўйиш учун липид алмашинуви ва юрак-томир тизимининг ҳолатлари текшириб кўрилади.
Липид алмашинувини текшириш.
Одам қонидаги холестерин оқсил билан бириккан бўлади.
Бу моддалар липопротеинлар деб аталади. Энг сўнгги тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, одам танасида холестерин икки асосий кўриниш (фракция)да бўлар экан:
Зичлиги паст липопротеинлар. Айнан улар атероген холестерин пайдо бўлишига сабаб бўлади;
Зичлиги юқори липопротеинлар. Улар ортиқча ҳолестеринни тўплаб атеросклероз ривожланишини олдини олади.
Атеросклероз пайтида липид алмашинуви бузилади. Юқори қайд этилган липопротеинлар ўртасида мувозанат бўзилади.
Муолажа услуб ва воситаларини тўғри танлаш учун энг камида икки асосий кўрсаткични аниқлаш зарур:
Умумий холестериннинг миқдори. Яъни организмадаги барча шаклдаги ҳолестерин;
Зичлиги юқори липопротеинлардаги ҳолестерин миқдори.
Олинган маълумотлар асосида атерогенлик коэффициенти(Ка) ҳисоблаб чиқилади.
Гарчи умумий холестерин миқдори меъёрда бўлса ҳам, Ка 3,5 дан юқори бўлган чоғида атеросклероз ривожланишининг хавфи юқори ҳисобланади. Унинг ривожланишига кенг имконият туғилади.
Юрак-томир тизимини текшириш:
- Электрокардиография (шу жумладан, велоэргометрия);
- Допплерография;
- Реовазография;
- Рентгеноконтрастли ангиография ва бошқалар ўтказилади.
Атеросклероз касаллигини даволаш
Атеросклероз ривожланишига сабабчи бўладиган омилларга қарши ҳаракатлар даволаш асосини ташкил этади. Бунда чекишни ташлаш, гиподинамияни бартараф этиш жисмоний фаолликни ошириш, жисмоний машқлар қилиш. Артериал босим ва қонда қанд миқдорини назорат қилиш, режим билан овқатланиш керак. Шу қоидаларга риоя қилинганда, қонда холестерин миқдорини мўътадиллаштирувчи махсус дорилар ичиш шарт бўлмайди.
Парҳез. Атеросклероз секин, йиллар давомида ривожланадиган касаллик. Бу касалликда бемор фақат, дорилар ва муолажалар ёрдамида тузалиб кетаман деб ўйламаслиги зарур. Ҳеч қандай дори қон томирларини асл холига қайтара олмайди. Бемор киши ўз соғлиғига ҳар томонлама эътибор бериши ва ҳайот тарзини кескин ўзгартириши керак бўлади. Бу касалликка учрашнинг ўзи бемор, ўтган йиллар давомида носоғлом турмуш кечирганини билдиради. Булар биринчи навбатда жисмоний ҳаракатлар ва пархездир.
Атеросклерозда овқатланишнинг асоси – чекловдир. Ёғ ва холестеринга қаттиқ тўйинган маҳсулотлардан мия, жигар, буйрак, серёғ гўшт, колбаса, ёғли сут ва шу кабилардан воз кечиш лозим.
Ўсимлик ёғлари ва денгиз балиғининг ёғлари, енгил маргаринлар, ёнғоқлар, ёғсиз сут маҳсулотлари эса фойдали ҳисобланади. Ёғсиз мол ва парранда гўшти, ёғи олинган творог, ҳафтасига 2–4 тадан тухум тавсия этилади. Овқат таркибида ёғ улуши камайиши муносабати билан қувват камайишининг ўрнини қоплаш учун углеводлар кўпроқ истеъмол қилиш тавсия этилади. Озуқа маҳсулотлари, энг аввало, сабзавот, ҳўл мева, ёнғоқлар, шунингдек, донли ва шунга яқин маҳсулотларни кўпроқ истеъмол қилиш фойдали.
Витаминлар етишмовчилигини камайтириш учун кунлик меъёрдан ошмаган миқдорда мулти витаминли препаратларни қабул қилиш мумкин.
Атеросклерозда қўлланиладиган дори воситалари
Ушбу маълумотлар фақат танишиб чиқиш учун. Барча дори воситалари шифокор кўрсатмасига биноан тайинланади
Қоннинг липид спектрини мўътадиллаштирувчи препаратлар (гиполипидемик воситалар) фақат шифокор тавсияси қўлланилади. Липид алмашинуви кўрсаткичларини муолажа пайтида лаборатория назорати остида бўлиши зарур. Шифокорлар кўпинча қўйидаги дориларни тайинлайди. Статинлар – жигардаги холестерин синтезини йўқотади, фибратлар холестерин даражасини пасайтиради. Яна никотин кислотаси препаратлари, липид алмашинувини меъёрлаштиради.
Статинлар: Аторвастатин (Аторис, Липримар), Ловастатин (Мевакор, Медостаптин, Ровакор), Правастатин (Липостат), Розувастатин (Крестор), Симвастатин (Вазилип, Зокор), Флувастатин (Лескол).
Фибратлар: Безофибрат (Холестенорм), Фенофибрат (Липантил), Ципрофибрат (Липанор).
Никотин кислотаси препаратлари: Аципимокс, Эндурацин.
Эфферент (сорбцион) терапия
Атеросклерознинг мураккаблашган шаклларида липид алмашинувини мўътадиллаштириш учун эфферент терапиянинг турли усуллари қўлланади. Одатдаги муолажа самарасизлиги ва умумий холестериннинг миқдорининг ғоят юқорилиги бунга кўрсатма бўлиб хизмат қилади.
Муолажанинг сорбцион усулларида қон танадан ташқарида жойлашган махсус аппарат ёрдамида зарарли моддалардан тозаланади. Аппарат бемор қонини сўриб олиб уни, ўз филтрларидан ўтқазиб яна қайтадан организмга жўнатади.
Лекин бу усулнинг таъсири сезилиши бўлиши учун муолажаларни кўп маротаба ва ўзоқ муддат такрорлаш талаб этилади.
Жарроҳлик йўли билан атерсклерозони даволаш
Бу касалликни жарроҳлик йўли билан даволаш ҳам мумкин. Операция касалликдан тўлиқ қўтилиш учун эмас, балки зарарланган томир озуқа билан таъминлайдиган аъзони аҳволини енгиллаштиришга қаратилган бўлади. Бу усул касаллик сабабини бартараф қила олмайди лекин, атеросклероз асоратларини бир мунча юмшатади.
Қон таъминоти бузилишига барҳам бериш учун аорта, юрак артериялари, бош мия, буйрак, оёқларда турли хил жарроҳлик ишлари бажарилади. Консерватив муолажанинг самарасизлиги ва артерия томирининг сезиларли даражада торайиши туфайли жарроҳлик амалиёти бажарилади. Рентген апарати назорат остида томирни тешиш орқали кичик инвазив опрерация – баллонли ангиопластика, стентирлаш ва бошқалар қўлланилади. Ўндан ташқари очиқ жарроҳлик опрерациялари – протезлаш, шунтлаш, ангиопластика ҳам қўлланилади.
Айрим ҳолларда липид алмашинувини мўътадиллаштириш учун ингичка ичакнинг бир қисмини олиб ташланиши мумкин. Ёки жигарни кўчириб ўтказиш каби жарроҳлик ишлари бажарилади. Бундай аралашувларга холестерин даражасининг жуда баландлашиб кетиши ва гиперхолестеринемиянинг ирсий шакли сабаб бўлади. Зеро уларни консерватик терапия билан тузатишнинг иложи бўлмай қолади.
Халқ табобати усуллари билан атеросклерозни даволаш
Ўрмон ёнғоқлари (лешиналар) ва хурмони мунтазам истеъмол қилиш атеросклероз ривожланишининг олдини олишда ёрдам беради.
Атеросклероздан келиб чиққан гипертония давоси учун асалли ёнғоқни 45 кун давомида 100 гр дан истеъмол қилинади. Дастлабки кунларда 3 дона ёнғоқдан бошлаш мумкин.
Саримсоқпиёз қайнатмаси ҳам фойдалидир. Бунда: 1 стакан сувга бир бош саримсоқни солиб, 1 дақиқа қайнатилади, сўнг совутилади. Кунига 1–2 ош қошиқдан ичилади.
Юрак ва томирларни соғломлаштириш учун саримсоқпиёз настойкаси тавсия этилади: бир шиша ароққа (0,75 л.)
1 чойқошиқ қирилган саримсоқпиёз солинади, қоронғи жойга қўйиб қўйилади (яхшиси, бемор ётган каравот тагига). Бир ой сақланади. Докада сузиб олиниб, бир ой давомида кунига 3 маҳал 40 томчидан ичилади. Бир йилдан кейин муолажа такрорланади. 200 гр янги карафс кўкати, 200 гр асал аралаштирилади ва 5 дақиқа қайнатилади. Бир ҳафта давомида кунига уч маҳал бир ош қошиқдан ичилади.
Чой ўрнига четан (рябина) ёки бодрезак мевалари настойкаларини ичиш ҳам фойдалидир. Бунда: 2 ош қошиқ қуруқ мева термосга солинади, 0,5 л қайноқ сув қуйилади, 2 соат тиндирилиб қўйилиб, докада сузилади ва кунда 2 маҳал ичилади.
Икки қошиқ йўнғичқа бошини тепадаги япроқчалари билан қўшиб икки стакан қайноқ сувли термосга солинади, бир соат тиндирилиб, кунига уч марта бир стаканнинг учдан бирича ичилади. Бу – меъёрдаги артериал босимли атеросклерозда, қулоқ шанғиллаганда, бош айланганда, бедорликда беморга ёрдам беради. Муолажа муддати – 3 ой. 6 ойдан кейин муолажа яна такрорланади.
Касалликка қарши умумий тавсиялар
Қонда холестерин даражасини пасайтириш учун қуйидаги тадбирларни амалга ошириш керак:
- Ортиқча вазнни йўқотиш
- Чекишни ташлаш.
- Жисмоний фаолликни ошириш (жисмоний машқлар, 5–7 км масофага юриш ё чопиш, сузиш, томорқада ишлаш, тоза ҳавода серҳаракат спорт ўйинларини ўйнаш ва ҳоказолар).
Овқатланишга доир тавсиялар
Ёғсиз гўшт истеъмол қилиш (уй паррандаси ёки ёғсиз мол гўшти, қуён гўшти), аммо бу бир ҳафтада 500 гр дан ошмаслиги керак.
Хонаки парранда гўштини истеъмол қилиш (териси шилиниши шарт).
Таомлар рўйхатидан колбаса маҳсулотлари, ичак-чавоқлар ва сариёғни чиқариб ташлаш керак.
Балиқ ва денгиз маҳсулотларидан ҳафтасига 500 гр дан кўпроқ истеъмол қилиш.
Пишлоқни камроқ ейиш.
Ёғи ажратилган сут (ёки ёғи 1,5 % дан ошмасин) ва ёғсиз сут маҳсулотларини истеъмол қилиш.
Кунига камида 40 гр клетчатка истеъмол қилиш (у асосан ҳўл мевалар, дон, сабзавот, дуккакли ўсимликлар таркибида катта миқдорда мавжуд) керак.
Ўсимлик ёғлари истеъмол қилиш (зайтун, кунгабоқар, зиғир ёғлари).
А,РР,С ва Е витаминларини микроэлементларга бой маҳсулотларни истеъмол қилиш. Кундалик таомлар сирасига ундирилган дон, пивобоп хамиртуруш, микроэлементлари бўлган
поливитаминларни қўшиш.
Қаҳва ва аччиқ чойни кам ичиш.
Кўпи билан бир стакан оқ мусаллас (қизили бўлса ундан ҳам яхши) ёки кўпи билан кунига 50 гр ароқ ичиш мумкин.