Безгак

Безгак [umai. malaria, mala aria – бадбўй ҳаво] – безгак плазмодийлари қўзғатадиган инвазион касаллик; иситма тутиши, қонда жиддий ўзгаришлар содир бўлиши, камқонлик, жигар ва талоқнинг катталашуви билан кечади. Безгак плазмодийси тўрт хил, шунга кўра унинг уч кунлик, тўрт кунлик, тропик ва Африка хиллари бор. Безгак плазмодийси безгак чивини ва одам организмида кўпайиб, ривожланади. Касаллик манбаи бемор ва бошқа(лар) чивини (асосан, урғочиси) ҳисобланади. Безгак плазмодийси безгак билан оғриган бемор организмида жинссиз (шизогония), касалликни ташиб юрувчи – анофелес чивини танасида эса жинсий йўл билан ривожланади. Касаллик соғлом одамга чивин чакканда, одам организмига унинг сўлаги орқали қўзғатувчилар тушганда юкади. Қон оқими билан улар жигарга тушади, бу ерда ривожланишнинг биринчи (тўқима) цикли рўй беради, сўнгра яна қонга тушади ва эритроцитлар ичига кириб олади, бу ерда иккинчи (эритроцитар) ривожланиш цикли ўтиб, эритроцитларнинг парчаланиши ва қонга кўп миқдорда қўзғатувчилар чиқиши билан тугалланади, бу одамни иситма тутиши билан ўтади. Қўзғатувчи одам организмида 10-14 кунгача (баъзан, бир йилгача ва бундан кўпроқ) бўлиб, касаллик белгиларини қўзғатмаслиги мумкин (инкубацион ёки яширин давр). Касаллик тўсатдан бошланади: беморни иситма тутиб, жунжийди, калтирайди (у баъзан шу кадар қаттиқ калтирайдики, ҳатто устига иссиқ кўрпа ёпилганда ҳам совуқ қотади), кейин қалтираш босилиб, ҳарорат кўтарилади (41-41,5°), бемор бўриқиб, қизариб кетади, нафас олишга қийналиб, ҳаллослайди, боши қаттиқ оғрийди. Иситма бир неча соат тутади. Сўнгра ҳарорати тез пасайиб, баъзан бир маромга тушади; шу пайт бемор қаттиқ терлайди, эртасига ўзини соғлом ҳис қилади. Кейин яна иситма тутади; уч кунлик безгакда – икки кунда бир марта, тўрт кунлигида – ҳар уч кунда бир марта, тропик турида – кўпинча, кун сайин иситма тутиб туради. Иситма тутаётган беморнинг қони текширилганда, безгак плазмодийларини топиш мумкин. Касаллик ҳуружи тутавергач, плазмодийлар қизил қон таначалари (эритроцитлар)ни парчалаши сабабли бемор камқон бўлиб қолади, талоғи ва жигари катталашади, оқ қон таначалари (лейкоцитлар) анча камаяди. Безгак даволанмай қолиб, касаллик узоқ давом этганда тинкани қуритиб, меҳнат қобилиятини сусайтиради, болалар ўсиш ва ривожланишдан орқада қолади. Бемор ўз вақтида даволанмаса ёки чала даволанса, безгакка бошқа касалликлар қўшилади. Безгакнинг оғир шакли билан оғриганларда, шунингдек, болаларда кома ҳолати, баъзан ўлим юз бериши мумкин. Бемор барвақт тўғри даволанганда соғлигига путур етмайди, ундан атрофдаги кишиларга безгак чивилари орқали касаллик юқиш эҳтимоли йўқолади. Иситманинг хуружига, талокнинг каттлашганига, чап биқин соҳасида оғриқ туриши ва бадан заъфарон тус олишига қараб, беморда безгак бор деб тахмин қилиш мумкин. Аммо Б. ни аниқ билиш учун бемордан қон олиб, микрскопда текшириш шарт. Беморни шифокор даволайди. Унга тинч шароит ва яхши парвариш зарур. Касалликнинг олдини олишда асосий эътибор беморларни эрта аниқлаш ва даволашга қаратилган бўлиши керак.

Безгак чивини кўп учрайдиган жойларда ҳимоя кийим-боши ва чивинни келтирмайдиган дори воситаларидан фойдаланиш лозим.