Биополимерлар

Биополимерлар [био… ва полимерлар] – барча тирик организмларнинг ҳаёт фаолиятида муҳим роль ўйнайдиган юқори молекулали табиий бирикмалар. Нуклеин кислоталар, оқсиллар ва полисахаридларни ўз ичига олади. Булардан ташқари, аралаш биополимерлар ҳам бўлиб, уларга нуклеопротеид, гликопротеид, липопротеид, гликолипид, липосахарид ва бошқа(лар) киради. Асосий биополимерлардан нуклеин кислоталар ҳужайраларда генетик вазифани бажаради. Оқсиллар ҳужайраларнинг энг зарур таркибий қисми бўлиб, бир қатор муҳим вазифаларни ўтайди. Оқсил ферментлар ҳужайраларда рўй бераётган моддалар алмашинувида кимёвий реакцияларни тартиб билан ва зарур тезликда олиб боради. Мушак оқсиллари, микроб хивчинлари ва ҳужайра ворсинкалари қисқариб, кимёвий энергияни механик ишга айлантиради. Шунинг ҳисобига организмлар ҳаракатланади. Қон оқсиллари кислород (гемоглобин)ни ташиб, организмни ёт оқсиллар (у-глобулинлар)дан ҳимоя қилади ва қон ивишида иштирок этади. Полисахаридлар тўқималар тузилишида иштирок этиб, резерв биополимерлар функциясини бажаради. Биополимерларнинг тузилиши молекулаларнинг узоқ вақт давом этган эволюцияси натижасидир, шунинг учун улар биологик вазифасини тўла бажаришга мослашган.