Чурра – ички аъзолар ёки улар бир қисмининг табиий ёки янги пайдо бўлган тешикдан чурра дарвозаси орқали бирор бўшлиққа ички қорин пардаси билан чиқиши, бунда бўшлик ичини қоплаб турган парда ва терининг бутунлигига путур етмайди. Мия, кўкрак, қорин чурралари, Шморл чурраси (умуртқалараро диск чурраси) ва бошқа(лар) чурралар фарқланади. Қорин чуррасига кирадиган чов, сон, киндик, қориннинг олдинги девори чурраси, чов-ёрғоқ чурраси (дабба), операциядан кейин пайдо бўладиган чурра кўп учрайди. Чурра туғма ва орттирилган, жойига қайтиб кирадиган ва кирмайдиган, сиқилган ва сиқилмаган бўлади. Ташқи (ички аъзолар уларни қоплаб турган қорин парда билан тери остига чиқиши) ва ички (Чурра .ҳосиласини қорин пардаси ва ичак тутқич ҳосил қилувчи, чўнтакларда бўртиб чиқиши) чурралар бор. Ҳар бир чуррада: ички аъзоларнинг бўшлиқдан чиқадиган жойи – чурра дарвозаси; қорин пардасининг бевосита чурра давозасидан чиқадиган қисми – чурра халтачаси; Ч. халтачасидаги аъзолар – аксари ингичка ичак, чарви, баъзан бачадон найи, тухумдон, йўғон ичак, талоқ ва бошқа(лар) бўлиши мумкин.
Қорин Ч. си кўпроқ кузатилади, бунда соннинг юқори қисмида, кўпинча, оғир меҳнатдан кейин, кучайганда шиш, баъзан шу соҳада кучсиз оғриқ пайдо бўлиб, кўпинча, бу аломатлар беморни тинч ҳолатида ўз-ўзидан йўқолиб кетади. Узоқ вақт Ч. билан оғриган беморларда шиш доимий бўлиши мумкин. Чурра умуртқалааро дискдан чиқадиган бўлса, бел ва оёқларга оғриқ беради, ҳаракат чекланади.
Чурранинг сабаблари маҳаллий ва умумий бўлади. Буларга Ч. халтачаси бўртиб чиқадиган тана қисмларининг тузилиш хусусиятлари (маҳаллий), оғир юк кўтариш, қабзиятда доимо кучаниш (умумий) ва ҳ. к. киради. Ҳомиладорликда қориннинг ички босими ошади, девори эса бўшашиб юпкалашади, натижада Ч. хавфи кучаяди. Бўшлиқ деворининг айрим шикастлридан сўнг «бўшатган (заиф) жойлар» ҳосил бўлиб қолиши мумкин. Она қорнидаги ривожланиш нуқсонлари, масалан, киндик ҳалкасининг ўсмай қолиши оқибатида келиб чиқадиган туғма Ч. ҳам бўлади.
Чурра белгилари: одатда, Ч. пайдо бўладиган соҳа бўртиб (шишиб) чиқади, пайпаслаб кўрилганда Ч. дарвозаси сезилади ва ҳ. к. Асорат бермаган Ч. да бемор оғирлик, ноқулайлик сезади, баъзан сийдик ажралиши бузилади. Катта Ч. да оғриқ пайдо бўлиб, одамнинг иш қобилияти пасаяди.
Яллиғланиш ва қисилиш Ч. нинг энг кўп учрайдиган асоратидир. Чурра халтачаси ва ичидаги аъзонинг шикастланиши оқибатида яллиғланиш рўй беради, бунда Ч. халтачаси ичидаги аъзо билан унинг деворлари ўртасида битишмлар ҳосил бўлиб, тўғриланмайдиган Ч. юзага келади.
Чурра қисилганда қисилган аъзода қон айланиши бузилиб, у жонсизланади. Қисилиш ўз вақтида бартараф этилмаса, ичак ёрилиши (притонит) пайдо бўлиши мумкин. Ичаклар босилганда ичак тутилиши рўй беради.
Ҳар қандай Ч. ни ўз вақтида операция қлинмаса асорати ёмон бўлади. Чурра қисилганда зудлик билан тез ёрдам чақириш керак.
Чурра ҳатто безовта қилмаганда ҳам операция қилиш лозим. Беморнинг соғлиғи операцияга имкон бермаганда бандаж тақиб юриш тавсия этилади.
Болаларда, кўпинча, туғма Ч. бўлади. Уларда, асосан, киндик ва чов Ч. лари кўп учрайди. Киндик Ч. си камдан-кам қисилади ва гўдак ҳаётининг дастлабки йилларида ўўзидан тузалиб кетади, чунки бола ўсган ва мушаклари ривожланган сари киндик ҳалқаси ўзида бекилиб қолиши мумкин. Гўдак болаларда киндик Ч. сини киндикка мунтазам ёпишқоқ пластир ёпиштириб даволанади. Пластирни 7-14 кунда алмаштириб туриш лозим.
Олдини олиш: қорин девори мушакларини мустаҳкамлайдиган махсус машқлар билан мунтазам шуғулланиш (врач тавсияси билан), организмни чиниктириш, жисмоний иш билан дам олишни тўғри ташкил қилиш керак. Ҳомиладорликда бандаж тақиш, бадан тарбия билан шуғулланиш, туғруқдан сўнг коринни массаж қилиш ва бирдан семириб ёки ориқпаб кетишдан сақланиш лозим. Болаларда Ч. нинг олдини олиш учун уларни рационал овқатлантириш, қабзиятга йўл қўймаслик ғоятда муҳим. Гўдак болаларни суткасига 3-4 марта 1-3 мин. дан корни билан ётқизиш тавсия этилади. Бу орқа ва қорин мушакларини яхши мутаҳкамлайди.
[addtoany]