Диетология

Диетология [диета ва логия] – хаста ва соғлом одамларнинг мақбул овқатланиши тўғрисидаги таълимот. Турли касалликларга чалинган беморларнинг овқатланиш тарзини ишлаб чиқади ва асослаб беради (қ. Парҳез билан даволаш). Диетология овқатнинг кимёвий таркиби, овқатланиш тартиби, уни истеъмол қилиш вақти, ҳажми, овқатланишлар орасидаги вақт ва бошқа(лар)ни ўз ичига олади.

Диетология тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалади. Гиппократ ўз даврида беморни даволаш касалликнинг турли босқичларида у қанча ва қандай овқат ейишини тўғри танлай билишдан иборат деб таъкидлаган. Ўша даврда диетологиянинг асосчиларидан ҳисобланган Рим шифокори Асклепиад (мил. ав. 128-50 йиллар) парҳез тўғри танлагандагина дори-дармон яхши кор қилиши ва нафи бўлишини айтиб ўтган. У ўз шогирдлари билан турли хасталикларни даволашда овқат маҳсулотларидан тўғри фойдалана билиш кўрсатмаларини ишлаб чиққан. Рим шифокори Гален беморларнинг овқати масаллиқларни алоҳида аҳамият берган. Замонавий диетология даволаш амалиётида тиббиёт, биокимё, физиология, морфология ва бошқа(лар)да эришилган энг янги усул ва кафиётлардан фойдаланади. Ўзбекистонда ҳам диетология кенг ўрганила бошланди; Тошкент тиббиёт академияси ва бошқа тиббиёт ин-тларида у фан сифатида ўқитилади, шунингдек, диетология кафедралари мавжуд. У ерда диетолог врач, ўрта махсус тиббиёт ўқув юртларида эса диет ҳамширалар тайёрланади ёки шу ин-тларни тамомлаган мутахассислар врачлар малакасини ошириш ин-тларида ушбу муиахасисликка га ихтисослаштирилади. Диетологияни ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Соғликни сақлаш вазирлигига қарашли Диетология маркази очилди (1955). Бу марказ маҳаллий маҳсулотлардан миллий таомлар тайёрлашнинг янги технологиясини татбиқ қилиш ва парҳезлаштириш устида илмий изланишлар олиб боради. Диетология марказининг бир бўлими – вазнни камайтириш масалалари билан шуғулланади. Инфекцион касалликлар, сил, операциядан кейинги ҳолатларда организмнинг касалликларга қаршилик кучини ошириш ва бошқа(лар)да асосий даводан ташқари, ранг-баранг парҳез овқатлар ишлаб чиқиш ва уларни амалиётда қўллаш диетология олдида турган муҳим муаммолардан биридир.

[addtoany]