Гипс боғлов – тез қотадиган боғлов; дока бинтга гипс кукунини бир текисда ёйиб тайёрланади. Тиббиёт амалиётида синган оёқ-қўни ҳаракатсизлантириш (қ. Иммобилизация) учун қўлланилади. Биринчи бўлиб Н. И. Прогов таклиф этган (1854). Суяк синганда ва бўғимларга шикаст етганда, уларни қимирлмайдиган қилиб қўйиш, суяк-бўғим силини даволаш, туғма ва ҳаёт давомида қийшайиб қолган умуртқа поғонасини тўғрилаш учун ишлатилади. Гипс боғлов ишлатилишидан олдин тоғарадаги илиқ сувга тикиб олинади. Сувни яхши шимиб олган гипсли бинтни бироз сиқилади ва яланғоч баданга ёки нам тортмайдиган пахта устидан қўйилади. Гипс боғлов баданга текис ва жипс ёпишиб, қимирлатмай қўяди. Бу бойлов айланма ёки гипс лонгета шаклида бўлиши мумкин. Оёк-қўл ёки танага айланма қилиб қўйилади. Гавданинг бирор қисмини қимирлатмай қўйиш учун гипс лонгета ва бошқа(лар) ишлатилади. Умуртқа поғонаси силида гипсдан ясалган махсус каравотлар, суяк очиқ синганида ёки операция қилинганда шикастланган соҳада тешик қолдирилган гипс боғловлар қўлланилади. Бойлам жуда сиқиб қўйилса, қон айланиши бузилиши мумкин: гипс боғлов қўйилган жой оғрийди, чумоли юраётгандек туюлади, шишади, совийди, оёқ ёки қўл бармоқлари кўкаради ёки оқаради, ҳеч нарса сезмай қолади. Бундай ҳолларда дарҳол шифокорга кўрсатиш керак. Гипс боғловни бўлиниб кетишдан сақлаш лозим, акс ҳолда, шикастланган жойнинг битиши бузилади. Оёққа қўйилган гипс боғлов кир бўлиб кетмаслиги учун устидан пайпоқ кийилади, қўл ёки б. жойда бўлса бинт ўраб, кир бўлганда алмаштириб турилади. Ёш болаларга гипс боғлов қўйилса, устидан клеёнка ўраб қўйилгани маъқул, акс ҳолда, улар ёзилганда нам тегиб боғлам тушиб кетиши мумкин.
[addtoany]