Инстинкт [лот. instinctus – уйғониш, қўзғалиш] – муайян шароитда ҳайвонларнинг битта тури учун хос бўлган мураккаб ирсий хатти-ҳаракатлари мажмуи. Инстинкт ташқи ва ички қўзғалишларга жавоб тариқасида пайдо бўлади. Инстинктни илмий тадқиқ қилишни Ч. Дарвин бошлаб берган. У биринчи бўлиб инстинктнинг ривожланиши турнинг тарихий шаклланиши ва нерв тизимининг тузилиши билан боғлиқлигини кўрсатиб берди. Инстинктни рус олимларидан И.М. Сеченов, И.П. Павлов ва бошқа(лар) ҳам ўрганишган. Инстинкт – мураккаб шартсиз рефлекслардан (қ. Шартсиз рефлекслар) иборат бўлиб, улар асосида шартли рефлекслар вужудга келади. Биологик моҳиятига кўра, улар қуйидаги гуруҳларга ажратилади: озиқланиш (озиқни топиш, озиқ ғамлаш ва бошқалар); турни сақлаб қолишга қаратилган пассив (тегилганда қимирламасдан қотиб туриш, қочиб қолиш ва бошқалар) ва актив (жисмлар, шох-шаббалар ёрдамида ҳимоя) ҳимояланиш; жинсий безлар фаолияти билан боғлик бўлган жинсий инстинкт (жинсий майл, оталаниш, баликларнинг увилдириқ ташлаш жойига миграцияси); авлод тўғрисида ғамхўрлик билан боғлик бўлган ота-оналик инстинкти (уя ва ин қуриш, бола боқиш, болани ҳимояланига, ов қилишга ўргатиш ва бошқа(лар)); пода, гала, оила аъзоларининг ўзаро муносабатларини ташкил қилувчи гуруҳли И. Ҳашаротлар хатти-ҳракатларининг деярли ҳаммаси И. дан иборат. Балиқлар, қушлар ва, айниқса, сут эмизувчлар хатти-ҳаракатларининг асосий қисмини И. эмас, балки шартли рефлекслар ташкил этади. Одамда И. унинг тарбия жараёнида шакллнадиган онгли фаолиятига бўйсунган бўлади. Бу жараёнларни ўрганиш ва ундан фойдаланиш чорвачилик, овчилик хўжаликларида, қишлоқ хўжалиги зараркунадалари ва инфекцион касалликларнинг кўзғтувчиларига қарши курашда катта аҳамиятга эга (яна қ. Рефлекслар).
[addtoany]