Ирсиятнинг хромосома назарияси – ирсий омилларнинг ҳужайра хромосмаларида жойлашиши ҳақидаги таълимот. Бу таълимотга кўра, организм белги ва хусусиятларининг наслдан наслга ўтиши хромосомалар билан боғлиқ. Ирсиятнинг хромосома назариясини дастлаб немис цитолог олими Т. Бовери (1902-07) ва америкалик олим У. Сеттон (1902-03) асослаб берган. Кейинчалик 20-а. бошларида бу назария америкалик генетик Т. X. Морган ва унинг ходимлари томонидан батафсил ишлаб чиқилган. Ҳайвонлар жинсини аниқлашнинг генетик механизмини ўрганиш орқали жинснинг жинсий хромосомаларнинг наслда тақсимланиши билан боғлилигининг аниқланиши ирсиятнинг хромосома назариясини исботлади. Америка генетиги К. Брижес (1913) томонидан урғочи дрофозилада мейоз жараёнида хромосомаларнинг ажралиб кетмаслигининг кашф этилиши ва жинсий хромосомалар тақсимланишнинг бузилиши бириккан ирсий белгиларнинг ўзгариши билан боғлиқлигининг аниқланиши ирсиятнинг хромосома назариясини узил-кесил тасдиқлади.
Ирсиятнинг хромосома назарияси ривожлана бориши туфайли битта хромосомада жойлашган генлар битта брикиш гуруҳини ҳосил қилиши ва биргаликда ирсийланиши; бирикиш гуруҳлари сони ҳар қайси тур учун доимий бўлиб, хромосомаларнинг гаплоид сонига тенг бўлиши; генларнинг бирикиши билан боғлиқ белгилар ҳам биргаликда ирсийланиши аниқланди. Митоз жараёнида хромосомаларнинг чалкашуви (кроссинговер) генетик материалнинг хромосомалар ўртасида қайта тақсимланишига (қ. Рекомбинация), бинобарин белгиларнинг бириккан ҳолда ирсиланишининг бузилишига олиб келиши мумкин. Т. Морган ва бошқа(лар) генетик олимларнинг дрозофилада генларнинг бирикиши ва кроссинговерни батафсил ўрганиши хромосомаларнинг генетик харитасини тузиб чиқиш учун асос бўлди. Кейинчалик генларнинг мураккаб тузилганлги ва белгиларнинг ирсийланишида нуклеин кислоталарнинг аҳамияти очиб берилади.
Генлар жойлашиши эффекти (генларнинг намоён бўлиши уларнинг хромосомаларда жойлашишига богликлиги)нинг кашф этилиши генетик материал дискретли ва изчиллигининг умумийлиги тўғрисидаги генетиканинг энг муҳим принципларидан бирининг шаклланишига имкон беради.
[addtoany]