Кардиология маркази

Кардиология маркази – Ўзбекистон Республикаси Соғликни сақлаш вазирлигига қарашли илмий текшириш муассасаси. Тошкент ш. да жойлашган. 1976 й. ТошТИ (ҳоз. Тошкент тиббиёт академияси) таркибида илмий текшириш институти сифатида ташкил этилиб, 1978 й. да мустақил ин-т бўлиб ажралиб чиқди, 1999 й. дан шу номда. Марказ илмий ва амалий фаолиятининг асосий йўналишлари – гипертония, Юракнинг ишемик касаллиги, миокард инфаркти, қон айланиши етишмовчилиги каби касалликларнинг келиб чиқиши ва ўзига хос кечиш хусусиятларини ўрганиш; уларнинг диагностикаси, олдини олиш ва даволаш усулларини ишлаб чиқиш; Ўзбекистонда кардиология муаммоси билан боғлик масалаларга раҳбарлик қилиш ва бошқариш, республикада кардиология хизматини ташкил этиш; юқори малакали илмий ва амалий кардиолог мутахассислар тайёрлаш ва бошқа(лар)дан иборат. Марказда 2 илмий гуруҳ, 9 лаб., 101 ўринли клиник касалхона бор. Шунингдек, поликлиника ва беморлар кундузи қатнаб ётиб даволанишлари мумкин бўлган амбулатория (СКАЛ) ишлаб турибди. Марказда 70 га яқин илмий ходим, жумладан, 12 фан д-ри ва 36 фан номзоди хизмат қилади (2015). Кардиология марказида д-рлик диссертациялари ҳимояси бўйича махсус илмий кенгаш фаолият кўрсатади (1990-й. лардан). Марказ олимлари (Р. Қурбонов, А. Хўжаев, Р. Мамутов, А. Курмуков, Г. Қиёқбоев ва бошқа(лар)) ўткир миокард инфаркти билан оғриган беморларни босқичма-босқич соғломлаштириш, кардиологик ёрдам кўрсатишнинг янги шакли – махсус амбулатория даволаш курси (МАДСКАЛ) ҳамда юрак касаллигининг долзарб масалалари бўйича кўпгина илмий-амалий анжуманларда қатнашиб келади. Юрак касалликларини маҳаллий хомашёдан тайёрланган дорилар (аллапинин, аклезин, глирофам, олигвон, кавергал) билан даволаш йўл-йўриқларини ишлаб чиқиб амалиётга татбиқ этади. Марказ илмий тўплам, монография, дарслик ва турли қўлланмалар чоп этади, ихтиролар қилади.

[addtoany]