Кўз хиралашуви

Кўз хиралашуви, кўришнинг пасайиши – кўриш ўткирлигининг пасайиши. Ҳар бир кўзнинг кўриш ўткирлиги узоқдан ва яқиндан кўришга текширилади (қ. Узоқдан кўриш. Яқиндан кўриш). Кўз хиралашуви, кўпинча, кўз рефракциясининг аномалиялари (миопия, гиперметропия ва астигматизм)да пайдо бўлади. 40 ёшдан бошлаб эса гавҳарнинг кетиши сабабли кўзнинг кўриш қобилияти сусая боради ва 50-60 ёшда анча сусаяди. Шу боис яқиндан ўқиш қийинлашади. Кўз хиралашувига кўзнинг оптик соҳаларида учрайдиган турли хасталиклар (кератит, шох парда яраси ёки унга ок тушиши, кўз ичига қон қўйилиши, катаракта, шишасимон тананинг хиралашиши) сабаб бўлиши мумкин, шунингдек, кексаликдаги кўз хиралашуви кузатилади. Тўр парда ва кўриш нервининг туғма нуқсонлари, касалликлари, кўз шикастланиши, глаукома, организмда моддалар алмашинувининг бузилиши, қон-томир, эндокрин ва нерв тизимининг касалликлари ҳам К. х. га олиб келади. Кўз хиралашуви шабкўрлик ва ранг ажрата олмаслик билан бирга кечиши ҳам мумкин.

Кўз хиралашганда сабабини аниқлаб, сўнг кўришни яхшилаш чоралари кўрилади. Кўзойнак ёки контактли линзалар, жарроҳлик усуллари ёрдамида кўриш ўткирлигини ошириш мумкин. Кўз хиралашувининг олдини олиш учун глаукомани эрта аниқлаш ва даволаш, гигиена ва хавфсизлик техникаси қоидаларига риоя қилиш лозим.

Загрузка...