Лептоспирозлар – одам ва ҳайвонларда учрайдиган ўткир инфекцион касаллик; зооноз касалликлар гуруҳига киради. Лептоспиралар кўзғатади, уларнинг 10 дан ортиқ серологик гуруҳлари мавжуд. Лептоспиралар нам шароитда узоқ яшайди, паст ҳароратга чидамли. Касалликнинг табиий, хонаки ва аралаш ўчоклари бор. Табиий ўчоқларда, асосан, кемирувчилар, уй шароитида эса қорамол ва қўй-эчкилар, чўчқа ҳамда каламуш ва сичқонлар инфекция манбаи ҳисобланади. Инфекция касал ҳайвондан одамга бевосита мулоқотда ёки тери, шунингдек, ифлосланган сув ва озиқ-овқат орқали юқади. Касаллик шартли равишда сариқлик билан кечадиган (Вейль-Васильев касаллиги, уни биринчи бўлиб кашф этган немис олими А. Вейль ва рус олими Н. П. Васильев номидан) ва сариқсиз хилларга ажратилади. Сариқлик билан кечадиган лептоспирозлар тўсатдан келтириш, ҳарорат кўтарилиши, қаттиқ бош оғриғи, кўнгил айниши ва қусиш билан бошланади; дам-бадам иситма тутиши касалликка хос. Мушакларда кучли оғриқ, баданда майда тошмалар бўлади. Буйрак, жигар, баъзан қон Томирлар зарарланади. Касалликнинг 4-кунига келиб бадан сарғаяди. Сариқсиз лептоспирозлар (сув иситмаси)да ҳам иситма чиқади, мушак ва бўғимлар оғрийди, лекин бадан сарғаймайди, касалликнинг бу шакли бир кадар енгил кечади, деярли асорат қолмайди.
[addtoany]