Лейкоцитлар [лейко… ва юн. cytus – ҳужайра], оқ қон таначалари – одам ва ҳайвонлар қонидаги рангсиз ҳужайралар; қоннинг ядроли шаклли элементлари. Ядросининг шакли ҳар хил, шунга кўра, таёқча ядроли, сегмент ядроли ва моноцитларга ажратилади. Лейкоцитлар кўмик, лимфа тугунлари ва талоқда ҳосил бўлади. Донали лейкоцитлар (гранулоцитлар) ва донасиз лейкоцитлар (агранулоцитлар) фарқ қилинади. Қонни текширганда лейкоцитларнинг бўялиш хусусиятига қараб, уларни эозинофиллар (кислотали бўёэозин билан бўялади), базофиллар (асосли бўёқ – метилен кўки билан бўялади) ва нейтрофиллага (нейтрал бўёқлар билан бўялади) бўлинади, уларнинг ҳар бири маълум бир функцияни бажаради. Лейкоцитлар қон томир ўзанидан чиқиб ҳужаралараро бўшлиқда ўзича ҳаракат қила олади. Улар организмнинг ёт жисмлар кирган жойига етиб келиб, микроорганизмга яқинлашган, сохта оёқлар чиқариб, уни ҳамма томондан ўраб олади ва ютиб юборади (қ. Фагоцитоз). Организмни микроорганизмлардан ҳимоя қилишда қон яратувчи аъзоларнинг роли катта, бу вақтда улар кўплаб лейкоцит ишлаб чиқаради. Фагоцитозда фақат Л. гина эмас, балки организмдаги бошқа ҳужайралар ҳам иштирок этади. Бундай ҳужайралар макрофаглар дейилади. Лейкоцитлар, макрофаглар, қон ва тўқималардаги бошқа фаол моддалар фақат бактериялар ҳамда касаллик қўзғатувчи агентларни ютиб юбормай, балки организмни жароҳат ёки касаллик туфайли нобуд бўлган ҳужайралардан, токсинлардан ҳам тозалайди. Шу боис турли касалликларда қонда Л. сони анча ошиб кетади (қ. Қон яратилиши). 1 мкл қонда, одатда, 4000-9000 лейкоцит бўлади. Улар сони кун бўйи ўзгариб туради, масалан, эрталаб Л. кам бўлса, тушдан кейин кўпаяди. Лейкоцитларнинг айрим турлари процент жиҳатдан муайян нисбатда бўлади (аҳёнда ўзгариши ҳам мумкин), бу нисбат лейкоцитар формула деб аталади. Лейкоцитлар сонининг ортиб кетиши (9000 дан ортиқ) лейкоцитоз, камайиши (4000 дан кам) пейкопения дейилади. Лимфоцитлар ва моноцитлар ҳам Л. нинг бир тури – агранулцитларга (донасиз Л. та) киради. Илтунитет вужудга келишида лимфоцитларнинг роли катта; улар токсинларни зарарсизлантиради ва антителолар ҳосил бўлишида қатнашади.
[addtoany]