Лимфа тизими

Лимфа тизими – одам ва умуртқали ҳайвонларда тўқима ва аъзолардан лимфа олиб кетиб, веноз тизимига қуядиган капиллярлар ва бошқа(лар) Томирлар, тузилмалар. Одамнинг лимфа тизими – лимфа капиллярлари тўри, лимфа томирлари чигали, лимфа тугунлари ҳамда иккита лимфа йўлидан ташкил топган. Лимфа тизими тўқималараро суюкликнинг ортиқчасини чиқариш ва уни веноз оқимга қайта ўткизишда, туқималардан капилляр қон томирларга сўрилмаган оқсил моддалар, коллоид эритмаларнинг ўзлаштирлишида қатнашади. Лимфа тизими юрак-томир тизимига киради. Лимфа капиллярлари бош қисми берк сиртмоқ ва бўртмалар ҳосил қилувчи турли шаклдаги найчалардан иборат. Улар бош ва орқа мия, талоқ, тоғай, кўз оқи ҳамда гавҳари ва плацентадан ташқари барча аъзоларда мавжуд. Лимфа капиллярларининг диаметри қон томир капиллярларникидан бир неча марта ортиқ. Улар девори юқори ўтказувчанликка эга. Лимфа капиллярлари тўридан лимфа томирлари шаклланиб, уларда лимфа оқимини йўналтириб турадиган клапанлар (қопқоқчлар) бўлади. Лимфа томирлари қовузлокли чигаллар ҳосил қилади. Бу чигаллардан аъзолар ичидаги лимфа томирлари шаклланиб, улар аъзодан чиқадиган лимфа томирларига айланади. Ҳар бир ички аъзода юза ва чуқур жойлашган лимфа томирлари фарқ қилинади. Одам танасида ҳам теридан, тери ости ёғ қалами ва фасциялардан бошланувчи юза лимфа капиллярлари бор. Чуқур лимфа томирлари суяк, суяк уст пардаси, бўғимлар, мушаклар, нервлар ва қон томирлардан капиллярлар билан бошланади. Лимфа томирлари тегишли жойларда йўғонлашиб, лимфа тугуиларинн ҳосил қилади. Тўқима суюқлигининг босими, лимфа йиғилиши ҳамда тана мушакларининг қисқариши туфайли лимфа лимфа тизими бўйлаб ҳаракатланади. Аъзодан ташқаридаги лимфа томирлари яқинда жойлашган лимфа тугунларига қўйилади.

[addtoany]