Она сути, кўкрак сути – эмизикли аёлнинг сут безлари ишлаб чиқарадиган суюқлик (секрет). Она сути гўдак учун энг яхши озуқа ҳисобланади, чунки бу даврда у таркиби ва озиқ моддалар нисбатига кўра гўдакнинг овқат ҳазм қилиш ва моддалар алмашинуви хусусиятларига мос келади. Она билан бола ўртасида ҳомиладорликнинг дастлабки кунларидан болабоқ «Она-йўлдош-ҳомила» тарзида ўзаро мустаҳкам алоқа боғланади, бола дунёга келгач эса бу муносабат «Она-кўкрак сути-бола» тариқасида давом этади. Шу узвийлик туфайли бола онадан керакли озиқ ва биологик фаол моддаларни олади, шунингдек, она билан бола ўртасида меҳр ришталари боғланади.
Она сути ҳақидаги дастлабки маълумотлар Ибн Сино қўлёзмаларида ҳам қайд этилган. У она сутини қуёш нурига қиёс қилган, чунки ер юзидаги барча тирик мавжудот (ўсимликлар дунёси) учун қуёш нури қанчалик зарур бўлса, ўсаётган мурғак учун ҳам она сути шунчалик зарур.
Бола туғилгандан сўнг дастлабки 2-3 кунда онанинг сут бези сарғимтир рангли суюқлик – оғиз сути ажратади. У эндигина дунёга келган мурғакка энг зарур овқат; унда оқсил, туз, шунингдек, ёғ томчилари бўлади. Янги туғилган чақалоқ она кўкрагига қанча эрта туғилса, шунча кўп оғиз сутидан баҳраманд бўлади. Шу боис ҳам онанинг кўзи ёриши билан дастлабки 20-30 дақиқада чақалоқни онасининг кўксига ётқизиб, ҳар икки кўкракдан эмизишга ёрдамлашиш мақсадга мувофиқ. Илк соатдаги бир лаҳзали «баданма-бадан» жисмий яқинлик она билан мурғак ўртасидаги алоқани янада мутаҳкамлайди. Туғруқдан кейинги биринчи ҳафта охиридан ёғларга бой бўлган ўткинчи сут, 2-4 ҳафтадан кейин доимий сифатли сут пайдо бўлади. Етилган она сути таркибида барча зарур озиқ моддалар ва витаминлар бор; улар тўлиқ ҳазм бўлиш ва сингиш хусусиятига эга.
Она сути енгил ҳазм бўладиган, тўйимли, турли микроблардан холи, пишириш ва иситишни талаб қилмайдиган тайёр озиқ. Унда 100 дан ортиқ керакли моддалар бўлиб, у фақат миқдор жиҳатидан эмас, балки сифат жиҳатидан ҳам боланинг ёшига, соғлигига мос келади. Она сути дги оқсил, ёғ, карбонсувлар таркиби янги туғилган бола организмидаги худди шундай моддалар таркибига яқин туради. Она сутида оқсил, ёғ, карбонсувлар 1:3:6 нисбатда бўлади ва бола эҳтиёжини тўла қоплайди. Сут оқсиллари жуда тўйимли ва чақалоқ ичагида енгил ҳазм бўлади. Ёғлар ҳам эмульсия ҳолида бўлгани учун тўла-тўкис сўрилиб кетади. Она сути таркибидаги карбонсувлар озиқли хусусиятидан ташқари, ичакларда микробларнинг ўсишига тўсқинлик қилади ва шу тариқа овқат ҳазм бўлишини осонлаштиради. Она сутида зарур миқдорда тузлар, айниқса, кальций ва фосфор тузлари бўлади, улар бола скелетининг тўғри шаклланиши ва ривожланиши учун ғоят муҳим. Она сути даги минерал моддалар ва витаминлар Ўсаётган бола эҳтиёжига мос келади ва организмда яхши сигиши билан сигир сутидаги шундай моддалардан фарқ қилади.
Кўкрак сутидаги даги темир моддасининг аҳамияти ниҳоятда катта, унинг ўзлаштирилиши она сутида, одатда, 70 % ни ташкил этса, сигир сутида 30 %, аралашмаларда эса 10 % ни ташкил этади. Соғлом онадан туғилган соғлом болаларда темир захирасининг етишмаган қисми кўкрак сути хисобидан тўлдирилади, лекин бола она сутдай сигир сўта ёки аралашмага ўтказилса, унда камқонлик ривожланиши мумкин.
Она сутида витаминлар миқдори тез ўзгарувчан бўлишига қарамай бола эҳтиёжини дастлабки ойларида тўлиқ қоплайди. Она сутида «D» витамини унча кўп эмас, шунинг учун эмизикли чақалоқни ўз вақтида тоза ҳавога, қуёш нурига олиб чиқиб турилса, боланинг «D» витаминга бўлган эҳтиёжи тўла-тўкис қондирилади.
Она сути турли касаллик вируслари ва микроларига қарши моддалар – антителоларга бой бўлади. Болани эмизганда иложи борича кўракда йиғилган ҳамма судни бола бир эмганда тугатишига ҳаракат қилиш лозим, акс ҳолда, бола ўзига керакли суднинг юқори калорияли қисмини ололмайди, гўдакни эмизиб бўлгач, кўкракда қолган судни, ҳатто у кам бўлса-да, охирги томчисигача сотиб олиш лозим, бу сут кўпайишига ёрдам беради. Кўкракда сут кам ёки кўп бўлишига қарамай, уни, албатта, эмизиш зарур, чунки онанинг озгина суди ҳам болани чиниқтиради. Она суди билан катта бўлган болалар ўз тенгқурлари орасида жисмонан ва ақлий жиҳатдан ажралиб туради. Камқонлик, рахит, гипотрофия касалликлари кўпроқ она сутига тўймаган болалар ўртасида учраши бежиз эмас. Она сути таркибида боланинг яхши ўсишига имкон берадиган омиллар етарли, унинг ажойиб хсусиятларидан яна бири боланинг асаб тизими шаклланишига ижобий таъсир кўрсатишидир.
Тадқиқотларнинг кўрсатишича она сути болани рак касалликларидан сақлайди, унинг бу жиҳатини ўрганган олимлар, ракка қарши дори и. ч. да бундан фойдаланиш мумкинлигини айтишмоқда.
Бола она сутидан ажратилса ва сигир суди ёки сутли аралашмалар билан боқилса, у муҳим ҳимоя омилларидан маҳрум бўлади, бу боланинг ичи кетиши, овқат ҳазм қилиш тизимининг бузилиши сингари нохушликларга олиб келади. Кўкрак сути онанинг ўзини ҳам турли касалликлардан сақлайди; мастит, сут безлари раки, гинекологик касалликлар болани кўкраги билан эмизмаган аёлларда 20-25 баробар кўп учрайди. Болани кўкрак суди бериб боққан оналарда камқонлик кам кузатилади.
Кузатувларга кўра, она сутига она организмига тушадиган ҳамма моддалар ўтади, шунга кўра эмизикли аёл ўз овқатига катта эътибор бериши, у тўғри ва тўйимли овқатланиши, етарли миқдорда суюқлик, мева шарбатлари ичиб туриши, соф ҳаводан баҳраманд бўлиши, тиниқиб ухлаши лозим.