Орқа мия – одам ва умуртқали ҳайвонлар марказий нерв тизимининг бир қисми, умуртқа поғонаси каналида жойлашган. Кўпчилик релексларда иштирок этади. Катта ёшдаги Одамда унинг ўз. 41-45 см, оғирлиги 30 г ча. Одамда орқа мия 31-33 сегментдан иборат, уларнинг ҳар бирида 2 жуфт нерв илдизи бор: олдинги (ҳаракатлантирувчи) илдизлар орқали импульслар О. м. ҳужайраларидан периферияга (скелет ва томир мушаклари, ички аъзоларга) ўтади. Орқа
(сезувчи) илдизлар импульсларни тери, мушак, ички аъзолар рецепторларидан О. м. га ўтказади. Орқа миянинг 2 томонида олдинги ва орқа илдизлар ўзаро бирлашиб, аралаш орқа мия нервларини ҳосил қилади. Орқа миянинг марказий қисми кулранг моддаси нерв ҳужайраларининг тўпламларидан, периферик қисми – оқ моддаси нерв толаларининг тўпламларидан иборат. Нерв толалари О. м. ҳужайраларини бир-бирига, шунингдек, бош мияга боғлаб туради. Орқа мия кўндалангига кесилганда кулранг моддаси «капалак» нусха бўлади; унда олдинги ва орқа шоҳлар фарқ қилинади. Орқа миянинг кўкрак бўлимидаги ва бел бўлимининг юқори қисмидаги ён шохларда симпатик нерв тизимининг ҳужайралари бор (қ. Вегетатив нерв тизими), толалар тананинг ҳамма аъзоларига боради.
Орқа мия мия пардалар ва орқа мия суюқлиги билан ўралган. Унинг ок моддасини ташкил этадиган, марказга интилувчи нерв толалари белгидан оғриқ, ҳарорат ва бошқа(лар) сезги импульсларини бош мияга ўтказиб, шу тариқа аъзолар ҳолати, шунингдек, ташқи муҳитдаги аҳвол ҳақида сигнал бериб туради.
[addtoany]