Орттирилган иммун танқислиги синдроми

Орттирилган иммун танқислиги синдроми (ОИТС) – ретровирус гуруҳига мансуб вирус қўзғатадиган касаллик; икки даврга бўлинади: ОИТВ инфекцияси ва бевосита ОИТС (СПИД) даври. ОИТС инфекцияси даври одам организмида вирус бор, лекин касаллик аломатлари ҳали намоён бўлмаган давр. Вирус деярли бир вақтда Парижда проф. Л. Монтанье ҳамда АҚШда проф. Галло бошчилигидаги олимлар томонидан кашф этилган (1983 й.). Бу вирус одамнинг иммунитет тизимига танлаб таъсир кўрсатади, айниқса, СД4+ иммун ҳужайраларига қирғин келтиради. Вирус одам организмига тушган, 2-3 кундан сўнг, 25-30 % ҳолларда бирламчи инфекция даврига хос аломатлар кузатилиши мумкин. Бу «ўткир сероконверсия синдроми» деб аталади, бунда ҳарорат кўтарилади, тунда терлаш, бўғимлар ва бош оғриғи, лоҳаслик, қайт қилиш, ич кетиши, баданда, айниқса, унинг юқори қисмида томалар пайдо бўлиши мумкин. Бу аломатлар одам организмига тушган вирус таъсирига иммунитет тизими маълум даражада жавоб қайтариш реакцияси билан боғлиқ. Лекин бу даврда антителоларни аниқлаш натижа бермайди, чунки иммунитет тизимининг жавоби ҳали тўлиқ шаклланмаган бўлади. Касалликнинг бу даври 8-10 й. гача, баъзан ундан ҳам узоқ давом этиши мумкин. Ҳоз. кунда амалиётда ОИТВ инфекцияси ташхисини қўйиш қонда касаллик вирусига қарши пайдо бўлган антителоларни аниқлаш – иммун фермент таҳлили (ИФТ) реакциясига асосланган. Дастлабки антителолар вирус организмга тушган, 3 ҳафтадан сўнг шакллана бошласа ҳам, қўлланадиган диагностиқумлар уларни илғай олмайди. Шу боис, одамга ушбу инфекция илашгани тўғрисида вирус организмга тушганидан сўнг 90 кун ўтказиб олинган текшириш натижасига қараб хулоса чиқариш мумкин.

ОИТС ОИТВ инфекциясининг якуний даври ҳисобланади. Вирус билан организм ўртасидаги кураш узоқ давом этиб, вируснинг устунлиги билан тугайди. Шу вақтдан ОИТС даври бошланади. Бу даврда одам организми ҳар қандай микробга бардош бериш хусусиятини йўқотади. Жумладан, нафас, меъда-ичак, сийдик йўлларида доимо мавжуд бўлган ва касаллик қўзғата олмайдиган микроблар ҳам фаоллашиб, турли хасталикларни келтириб чиқариши мумкин. Уларнинг намоён бўлиши организмда юзага келган ОИТС ҳолати билан боғлик бўлгани учун, ушбу гуруҳга кирувчи касалликлар жамланган ҳолда ОИТС билан боғлик (ассоциирланган) инфекциялар деб аталади. Булар бактериал инфекциялар, замбуруғли касалликлар, вируслар қўзғатадиган касалликлар, Капоши саркомаси ва ҳ. к.

Касаллик вируси инфекция юққан одамнинг қонида, эркаклар шаҳватида, аёлларнинг жинсий аъзолари чиқиндиларида ва кўкрак сутида бўлади. Шу боис ОИТВ, асосан, уч хил йўл билан юқади: қон орқали, жинсий алоқа воситасида ва инфекция юккан онадан ҳомиласига вертикал йўл билан ўтади.

ОИТС билан оғриганларнинг кўпчилигини наркоманлар (гиёҳвандлар), фоҳишалар, гомва бисексуаллар ташкил этади. ОИТС организмга жинсий алоқа, парентерал муолажалар (ностерил игна, шприц ва бошқа(лар) тиббий анжомлар ишлатилганда), инифицирланган қон ва унинг ўрнини босувчи дориларни қўллаш, аъзо ва тўқималарни кўчириб ўтказиш (трансплантация) вақтида, шунингдек, вирусни юқтириб олган онадан ҳомилага ҳомиладорлик даврида, туғиш жараёнида ва гўдак эмизиладиган бўлса, кўкрак суди билан юкиб қолиши мумкин.

Ўзбекистонда ОИТВ/ОИТС билан боғлик масалалар Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ОИТВ/ОИТС хизмати томонидан амалга оширилади. Республика ОИТВ/ОИТС маркази, Қорақалпоғистон Республикаси ОИТВ/ОИТС маркази, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ОИТВ/ ОИТС марказлари ўз ҳудудларида ушбу соҳа фаолияти билан боғлиқ барча профилактик, эпидемиологик, лаб. текшируви, даволаш тадбирларини олиб боради (қ. ОИТСга қарши кураш маркази). Ҳар бир марказ қошида ўз ихтиёри билан лаб. текшируви учун келганларни сир сақлаган ҳолда текширадиган аноним хоналар мавжуд. Мақсадли гуруҳлар гиёҳвандлар ва секс ходимлари билан вирус юкиб қолишининг олдини олиш мақсадида хуфиёна иш олиб борадиган Ишонч пунктлари (ИП) ҳам ишлайди.

Профилактикаси. Ушбу инфекция кенг тарқалган касалликлардан бири бўлгани учун муҳофаза тадбирлари ижтимоий ҳаётнинг барча соҳа вакиллари иштирокида олиб борилиши лозим. Ҳар бир йигит-қиз бу инфекциянинг тарқалиш йўллари, унинг олдини оладиган тадбирлардан хабардор бўлиши ва ўзини ундан эҳтиёт қилиши керак.

[addtoany]